Россия ТИВ Қирғизистонда давлат тили тўғрисидаги қонун лойиҳасининг қабул қилинишига муносабат билдирди

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова «Қирғизистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг учинчи ўқишда қабул қилинишига изоҳ берди.

Захарованинг изоҳи Россия ТИВ расмий сайтида чоп этилган.

ТИВ вакилининг сўзларига кўра, ҳужжат ҳозирги кўринишида давлат тилини билмайдиган фуқаролар учун “маълум қийинчиликларни келтириб чиқаради”.

31 май куни Қирғизистон Республикаси парламенти “Давлат тили тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Россия Қирғизистон раҳбариятидан мутаносиб тил сиёсатини олиб боришини кутмоқда, деди Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова.

Учинчи ўқишда қабул қилинган ҳужжатда давлат ва бюджет хизматчиларга давлат (қирғиз) тилини билиш ва тегишли имтиҳонлардан ўтиш мажбурияти юкланган. Шунингдек, иш юритиш ҳам давлат тилида олиб борилиши шарти қўйилмоқда.

“Ҳамкорлар қонун лойиҳаси рус тилини бекор қилишни мақсад қилмаслигига ишонтиришди. Шу муносабат билан Қирғизистон Республикаси раҳбарияти иттифоқчилик муносабатларимиз руҳида ҳам қирғиз тилини ривожлантиришга, ҳам рус тилини қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилишга қаратилган мувозанатли тил сиёсатини олиб боришини кутамиз”, — деди Захарова Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида эълон қилинган шарҳда.

Давлат тили миллий комиссияси ва Вазирлар Маҳкамаси ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Давлат тили тўғрисида»ги қонун лойиҳасида давлат тилининг амал қилиш доираси кўрсатилган. Шундай қилиб, ҳужжатга кўра, давлат органлари фаолиятида, суд ишларини юритишда, географик номларда, таълим ва фан соҳасида, шунингдек, халқаро шартномалар тузишда қирғиз тилидан фойдаланиш мажбурий бўлади.

Бундан ташқари, давлат хизматчилари, депутатлар, ўқитувчилар, судьялар, прокурорлар ва бошқа кўплаб тоифадаги фуқароларнинг давлат тилини мажбурий билиши асосий ўзгаришлардан биридир.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ