Терговчилар “Кампир-обод иши” бўйича 12 нафар айбланувчининг мол-мулкини ҳибсга олди

“Кампир-обод иши” бўйича 12 нафар айбланувчининг мулки хатланди. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Рита Карасартованинг қизи Касиет Мамирбай Facebookда маълум қилди.

У ижтимоий тармоқда тергов гуруҳи раҳбари Улан Жапеков қарорининг лавҳасини эълон қилди. 2023 йил 19 майдаги ҳужжатда 36-модда ва 278-модданинг 1-қисми (“Оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўриш”) билан жиноят иши қўзғатилгани қайд этилган. Қарорда 12 нафар судланувчининг исм-шарифлари келтирилган.

“Кампир-обод” иши бўйича судланувчиларга терговчи қарорида кўрсатилган жиноятдан ташқари яна бир оғир модда – “Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш” бўйича ҳам айблов қўйилди. Гумонланувчиларнинг адвокатлари тергов деярли якунланганини хабар қилишди.

“Кампир-обод иши” доирасида 2022 йил октябрь ойида 27 киши ҳибсга олинган, улардан 16 нафари ҳибсда, қолганлари уй қамоғида.

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров “Кампир-обод иши” бўйича тергов жараёнига бир неча бор изоҳ бериб, ҳибсга олинганлар “халқни тинчини бузгани”, шунингдек, “давлат тўнтариши” уюштиришга уринганини таъкидлаган.

“Кампир-обод иши” бўйича гумонланувчилар қирғиз-ўзбек чегарасида жойлашган Кампир-обод сув омбори ҳудудининг Ўзбекистонга ўтказилишига, ушбу объектни муҳофаза қилиш қўмитаси ташкил этилишига очиқдан-очиқ рози бўлмаганликларини билдиргач, ҳибсга олинган. Ушбу жиноий иш қўзғатилишига Бишкекдаги кафелардан бирида “Кампир-обод сув омборини муҳофаза қилиш қўмитаси” аъзоларининг йиғилишидан яширин тарзда олинган аудиоёзув асос бўлди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ