Россия Қирғизистон билан ҳаводан мудофаа тизимини тузиш шартномасини ратификация қилди

Россия Давлат думаси 23 майда Қирғизистон билан ҳаводан мудофаа умумий тизимини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди.

Дума сайтида эълон қилинган маълумотда айтилишича, шартномада икки давлат чегарасини ҳаводан туриб мудофаа қилиш назарда тутилган. Унга асосан, томонлар Марказий Осиё минтақасида ҳаводан мудофаа бўйича умумий тизимни шакллантиради. Қирғизистон билан ташкил этилган ҳаводан мудофаа тизимини Россия Қуролли кучлари бош қўмондони мувофиқлаштиради.

Президент Владимир Путин 2022 йилнинг 8 июлида Россия Қирғизистон билан умумий ҳаводан ҳимоя тизимини яратиши тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Шундан сўнг Қирғизистон мудофаа вазири Бақитбек Бекболотов ўтган йилнинг 15-16 августида Москвага қилган хизмат сафари доирасида Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан бу борадаги шартномани имзолаган.

Аввалроқ қирғиз парламентининг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси бу шартномани муҳокама қилган ва уни ратификациялашга розилик берганди. Аммо бу ҳужжат Қирғизистон томонидан ратификация қилинганига оид аниқ маълумот йўқ.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ