Қирғиз-ўзбек чегарасида 4 нафар ҳарбий қўлга олинди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг “Қайтпас” ва “Ўтукчу” назорат-ўтказиш пунктларида 16 май куни тинтувлар ўтказилиб, ҳарбий хизматчилар қўлга олинди.

Қўмита матбуот хизматига кўра, Қирғизистон Жиноят кодексининг 337-моддаси “Хизмат ваколатини суистеъмол қилиш” бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида тинтувлар ўтказилиб, ҳарбийлар қўлга олинган. Топилган банкноталар олдиндан “пора” белгиси билан белгиланган.

“Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг “Қайтпас” ва “Ўтукчи” назорат-ўтказиш пунктлари ҳарбий хизматчилари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, давлат хизмати манфаатларига зид равишда, ғаразли ниятларни кўзлаб, қонунга хилоф равишда моддий манфаат олиш мақсадида, назорат-ўтказиш пунктларидан ўтаётган одамларни умидсиз аҳволга солиб, Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегараси участкасидан тўсиқсиз ўтиш учун фуқаролардан тизимли равишда ноқонуний равишда 50 дан 1000 сўмгача пул ундиришган”, дейилади хабарда.

Ҳарбий хизматчилар пул беришдан бош тортган тақдирда уларни турли баҳоналар билан паспорт назоратидан ўтказишга тўсқинлик қилган ва бу кўриниш фуқароларни чегарачиларнинг талабларига бўйсунишга ва керакли миқдордаги пулни беришга мажбур қилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 4 нафар ҳарбий хизматчиси қўлга олиниб, Боткен тумани ИИБ ҳузуридаги вақтинчалик сақлаш жойига киргизилган, уларга нисбатан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ