Қирғизистонлик аёллар уларни Ироқ қамоқхонасидан ватанларига қайтаришни сўрамоқда

Ироқ қамоқхоналарида қолаётган 20 ёшдан 65 ёшгача бўлган қирғизистонлик аёлларнинг сўзларига кўра, улар 2017 йилдан бери ҳибсда сақланмоқда. Маҳкумалар 10-20 йилга, баъзилари ҳатто умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ўлим жазосига ҳукм қилинган қирғиз аёлларининг жазоси кейинроқ енгиллаштирилган.

Маълум бўлишича, маҳкумалар айнан нимада айбланаётганини ҳам билишмайди. Бироқ, жазо терроризм билан боғлиқ эканлигини тушунишади. Онда-сонда Қирғизистондаги яқинлари билан боғланиб турадиган маҳкумалар Бағдоднинг Ал-Русафа туманидаги 494 та хорижлик аёл (2019 йилга кўра) сақланаётган қамоқхонасига жойлаштирилган. Ушбу қамоқхонада асосан диний радикализм ва терроризмда айбланган 18 та давлат, жумладан, Марказий Осиё давлатлари фуқаролари ҳам бор.

2016-2018 йилларда “Исломий давлат” жангарилари Ироқдан сиқиб чиқарилгандан сўнг, мамлакат расмийлари жиҳодчилар ва уларнинг хотинларини қамоққа ташлади.

Ироқ уларга кескин жазо чораларини қўллади. Қамоққа олинганлар орасида Марказий Осиё давлатлари фуқаролари, жумладан, Қирғизистон фуқаролари ҳам бўлган. Қирғизистон Республикаси қонунларига кўра, улар “оғир жиноят содир этган” ҳисобланади.

Қирғизистон аллақачон Ироқ ва Суриядаги ёпиқ муассасаларда сақланаётган 200 га яқин қирғизистонлик аёл ва 400 нафар бола қайд этилган рўйхатни шакллантирган. Ҳукумат ушбу рўйхатни ҳудуддаги муассасалардан маълумот йиғишнинг қийинлигига қарамай, янгилаши ҳақида маълум қилган эди.

ТИВ раҳбари қирғизистонлик аёллар ва уларнинг фарзандларини ватанига қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётганини, бироқ уларга қўйилган айбловлар оғирлигини ҳисобга олиб, бу иш қийин кечаётганини таъкидлади.

2021 йил март ойида Қирғизистон ҳукумати «Меҳрим» инсонпарварлик миссияси доирасида Ироқдаги қочқинлар лагеридан Қирғизистон Республикаси фуқаролари бўлган 79 нафар болани қайтарди. Улардан 37 нафари Ироқ, Сурия ва Туркияда туғилган. 16 февраль куни яна 18 аёл ва 41 бола Бишкекка олиб келинган.

Женевадаги Булан институти раҳбари Чўлпон Ўрозобекова бир неча йилдан буён Ироқ ва Суриядаги хорижликлар билан боғлиқ вазиятни ўрганиб келади. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Ироқ қамоқхоналарида 42 нафар қирғизистонлик аёл бор.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 2018 йилдаги маълумотларига кўра, Қирғизистондан 850 нафар фуқаро Суриядаги уруш ҳудудига кетган, улардан 150 нафари ҳалок бўлган. “Исломий давлат” сафига қўшилган 140 нафарга яқин қирғизистонлик аёллар эканлиги маълум қилинган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ