Туркияда Қирғизистон томонидан ташкил этилган ўтовларда тикувчилик курслари очилди

Каҳраманмараш шаҳрида қурилган ўтов шаҳарчада тикувчилик ўқув курслари ташкил қилиндм. Бу ҳақда Твиттерда Туркия таълим вазири Маҳмуд Озер маълум қилди.

Вазир томонидан жойлаштирилган видеода зилзила натижасида жабрланган шаҳарчада вақтинча яшовчи аёллар тикувчиликдан дарс олаётгани ҳақида ҳикоя қилинади.

«Биз Қирғизистондан олиб келинган ўтовларда ўқув курсларини очдик, у ерда кийим-кечак ва бошқа керакли нарсаларни тикишни ўргатамиз», деди курс ўқитувчиларидан бири Филиз Теке.

Аввалроқ Истанбулнинг Уксудар тумани маъмурияти зилзиладан жабр кўрган Адияман вилоятида ҳам Қирғизистондан олиб келинган 200 та ўтовда ҳудуддаги минглаб мактаб ўқувчилари таҳсил олаётган маълум қилган эди.

6 февралга ўтар кечаси Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимоли-ғарбида 7,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Туркияда қурбонлар сони 50 мингга, Сурияда эса 6 мингга етди.

Жабрланган шаҳарларнинг ўн минглаб аҳолиси бошпанасиз қолди, минглаб бинолар, жумладан, шифохоналар, мактаблар ва турар-жой бинолари вайрон бўлди.

Дунёнинг кўплаб давлатлари, жумладан Қирғизистон ҳам зилзила оқибатларини излаш ва бартараф этиш учун Туркияга қутқарувчилар юборди. Қирғизистон Республикаси Қаҳрамонмараш шаҳрида жабрланганлар учун уй лагери ва кўчма касалхона қурди.

 

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ