Бишкек Украина фуқаросини Минскка экстрадиция қилади

Қирғизистондаги тергов изоляторида сақланаётган Украина фуқароси Владимир Кадария президент Садир Жапаровга мактуб йўллаш ниятида. Бу ҳақда таҳририятимизга унинг адвокати Автандил Алимжонов хабар берди.

У Садир Жапаровдан Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси ва судининг Беларусга экстрадиция қилиш ҳақидаги қарорини қайта кўриб чиқишни сўрайди.

Таъкидланишича, аввалроқ 37 ёшли Владимир Кадария Андрей Ковалёв исмли Беларус фуқароси бўлган ва 2017 йилда у Украинада қочқин мақомини олган ва фуқароликни олгач, исмини ўзгартирган.

Ўтган йилнинг август ойида у Қирғизистонга келган, сентябрда эса Беларус илтимосига кўра икки ойга ҳибсга олинган. Тергов изоляторидан у Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлигига қочқин мақомини олиш учун мурожаат қилган ва 2022 йил 9 декабрда гувоҳнома олган.

Бироқ мактубда қайд этилганидек, уч кундан кейин, 12 декабрь куни Бишкекнинг Первомайский туман суди Бош прокуратура аризасини қаноатлантириб, уни экстрадиция қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Унинг адвокатлари юқори турувчи органга мурожаат қилишган. 15 февраль куни Бишкек шаҳар суди биринчи инстанция қарорини ўз кучида қолдирган.

Кадария Қирғизистонда қочқин сифатида тан олиниши ҳақидаги аризасини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома борлигига қарамай, бундай қарорга келиш сабабларини тушунмаганини ёзган.

Бош прокуратура матбуот котиби Сирожиддин Камолов Озодликка Кадария бўйича қарор Қирғизистон Республикаси Жиноят кодекси ва Кишинёв конвенцияси асосида қабул қилинганини айтиб, ишнинг бошқа тафсилотларини айта олмаслигини таъкидлади.

Адвокатнинг қайд этишича, Владимир Кадарияни экстрадиция қилиш билан Қирғизистон халқаро ташкилотлар олдидаги инсон ҳуқуқлари ва қочқинлар соҳасидаги мажбуриятларини бузади.

Озодлик изоҳ сўраш учун Президент матбуот котиби Эрбол Султонбоев билан боғланди, бироқ жавоб олмади.

Кадария (Ковалев) иши бўйича Қирғизистон Республикаси Бош прокурори Қурманқул Зулушевга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича вакили Фабио Пиана ва БМТ Олий комиссари бошқармаси вакили мурожаат қилган. Улар ўз мурожаатларида Бишкек шаҳар судининг 15 февралдаги қарори Қирғизистон қўшилган Қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенция ва қочқинлар билан боғлиқ миллий қонунчиликка зид эканини қайд этган. БМТ расмийлари қарорни бекор қилишга чақирди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ