Грузия 1 июлдан хорижлик сайёҳлар учун эшикларини очади

Грузия расмийлари 1 июлдан хорижлик сайёҳларнинг мамлакатга киришига изн бермоқчи. Бу ҳақда бош вазир Георгий Гахария билдирди. Унга кўра, ўша пайтгача қуруқликдаги чегараларни очиш ва авиақатновларни тиклаш режаланган.

Аввалроқ Греция ҳам 1 июлдан четдан сайёҳ қабул қилишни бошлашини эълон қилган.

Грузия расмийлари режасига мувофиқ, 15 июндан мамлакат фуқаролари учун туристик бизнес иши тикланади (жумладан, меҳмонхоналар очилади), шундан икки ҳафта ўтиб эса хорижлик сайёҳлар учун ҳам чекловлар олиб ташланади. Айни пайтда 11 майданоқ Грузияда барча саноат корхоналари ва дўконлар (савдо марказлари ҳамда кийим-кечак ва пойабзал дўконларидан ташқари) очилиши кутилмоқда.

Бош вазир Тбилиси ва Рустави шаҳарларида 11 майдан ҳаракатланишга нисбатан барча чекловлар бекор қилинишини қўшимча қилди.

Грузияда фавқулодда вазият тартиби расман 22 майгача давом этади. Мамлакатда соат 21.00 дан эрталабки соат 06.00 гача комендантлик соати жорий этилган, жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилган. 15 апрелдан Тбилиси, Рустави, Батуми ва Кутаиси шаҳарларини кириш тақиқланган. 5 май куни Батуми ва Кутаиси учун бу чеклов бекор қилинади.

Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, Грузияда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 615 та ҳолат қайд этилган, 9 бемор ҳаётдан кўз юмган, 275 киши эса соғайиб кетган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ