Бишкек Остонага қирғизистонликларнинг Қозоғистонда бўлиш шартларини соддалаштиришни таклиф қилмоқда

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Остонага қирғизистонликларнинг Қозоғистон ҳудудида бўлишини соддалаштириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилмоқда.

Ташаббус 27 январь куни ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев ва Қозоғистоннинг Қирғизистондаги элчиси Рапил Жошибаев ўртасидаги учрашувда маълум қилинган.

Бишкекнинг хабар беришича, учрашув Қирғизистон томони ташаббуси билан Қозоғистонга хорижий фуқароларнинг кириши ва бўлишининг янги қоидалари жорий этилганидан кейин ўтказилган.

“Имангазиев икки қардош халқ аҳолиси учун янги миграция қоидаларининг жорий этилиши мумкин бўлган салбий оқибатларидан хавотир билдирди. Қирғизистон Республикаси фуқароларининг айрим тоифалари, жумладан ҳайдовчилар (юк ташувчилар, такси ҳайдовчилари), қурилиш индустрияси, умумий овқатланиш корхоналари ходимлари, Қирғизистон-Қозоғистон давлат чегарасини мунтазам кесиб ўтувчи шахсларларнинг бўлишига алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади Қирғизистон ТИВ баёнотида.

Қирғизистон дипломати “қардош халқлар ўртасидаги стратегик, иттифоқчи давлатлараро муносабатларни, шунингдек, икки давлатнинг ЕОИИга аъзолигини ҳисобга олган ҳолда” қирғизларнинг Қозоғистон ҳудудида бўлишини соддалаштириш тарафдори эканлигини айтди.

Элчи Жошибаев, ўз навбатида, Қирғизистон ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан ушбу масалани муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказишни таклиф қилди.

27 январдан бошлаб Қозоғистонда хорижликларнинг, жумладан Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) мамлакатлари фуқароларининг кириши ва бўлиш қоидалари ўзгарди. Визаран деб аталадиган нарса бекор қилинди. Ушбу режим ЕОИИ мамлакатлари фуқароларига Қозоғистонда бўлиш муддатини янгилаш, муддати тугаганидан кейин яна чегарани кесиб ўтиш имконини берарди. Энди улар Қозоғистонда қонуний равишда олти ой ичида 90 кунгача қолишлари мумкин. Баъзилар бу чора Россиядан янги миграция тўлқини пайдо бўлишидан қўрқиш фонида жорий қилинган деб тахмин қилишди. Кузда Украинага урушга жўнатиш учун сафарбарликдан қочиб, юз минглаб руслар Қозоғистонга киришди.

Россия ҳукмронлик қиладиган ЕОИИга Қозоғистон ва Қирғизистондан ташқари Беларус ва Арманистон киради.

Бишкек маълумотларига кўра, бир миллиондан ортиқ қирғизистонлик вақтинча хорижда, асосан Россияда яшаб, ишлайди. Қозоғистонда Қирғизистондан 30 мингга яқин меҳнат муҳожири бор.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ