Маданий ҳордиқ чиқаришни билмайдиган ўшлик “ўзбеклар”

Куни-кеча Ўш шаҳридаги “Наврўз” ресторанида ўзбекистонлик қўшиқчи Достон Эргашев билан сўз устаси Аваз Охун иштирокида базм бўлиб ўтди.

Унда меҳмон бўлган ўзбекларнинг аксари ўшликлар бўлгани учун ҳам, шу шаҳардаги миллатдошларим айримларининг маданиятсизлиги ҳақида ёзаман.

Базмда одамларни яйраб, ўйинга тушиб, ҳордиқ чиқаришганини ижтимоий тармоқларда ёйинланаётган видеолардан кўриш мумкин. Айримлар ҳаддан зиёд яйраб, ширакайф юргани ҳам видеоларда акс этган.

Ҳар сафар шундай видеоларни кўрганимда савол туғилади. Нега ўшлик “ўзбеклар” базмларда маданиятни унутадиларда, имкон қадар ҳуморидан чиқиб, бошқаларга ҳам халақит қилади?

Сен ҳарид қилган 2500 сўмлик билетни ўша ресторанда ўтирганлар ҳам олган. Улар ҳам бемалол ўтириб, қўшиқ эшитиб, дам олгиси келади. Хонанда атрофини ўраб олиб, у билан суратга тушиб, бемалол қўшиқ айтишига имкон бермай ортидан юриш каби ножўя ҳаракатларни қилиш маданиятсизлик.

2010 йилгача Ўшга келиб Бобур театрида концерт берган ўзбекистонлик қўшиқчилар билан ҳам ҳудди шундай муомала қилинарди. Фақат ўзини ўйлаб, қолган одамларни концерт кўришига халақит қилишарди.

Ўз ўрнингда ўтириб, концертни тамоша қил, имкон бўлганда гулингни санъаткорга бер. Маданият билан маданий хордиқ чиқаришни ўрган.

Илм, сиёсат, дин ва бошқа соҳаларда ривожланиб кетмаётган бўлсакда, ҳеч бўлмаса оммавий жойларда маданиятли бўлишни ўрганмайликми?

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ