Қирғиз-ўзбек чегарасида эслатма тариқасида осмонга ўқ отилган

Қирғиз-ўзбек чегарасининг Боткен тумани Ўзбекистоннинг Сўх анклави билан чегарадош ҳудудида 1-май куну яйлов ва сув талаш сабабли халқ тўпланиб, қирғизистонлик чегарачилар эслатма тариқасида осмонга ўқ отишган. Бу маълумотни “Озодлик” радиосининг қирғиз хизматига Чегара хизматининг Боткен ҳудудий бошқармалиги раиси Замир Мийзаев тасдиқлади.

Қирғиз томони бу воқеани чегарадаги ноқонуний ҳаракатни олдини олиш дея эътироф этди.

Мийзаев Ўзбекистоннинг фуқаролари чегара қоидаларини бузганлиги сабабли Сўх тумани раҳбарияти халққа тушунтириш ишларини юргизишни ваъда қилганини айтди:

«Маҳаллий халқ бу ҳудуда узоқ йиллар мобайнида мол-қўй боқиб келади. Мустақилликдан буён уларнинг қўй-эчки боқадиган ҳудуди чегарадаги нейтрал ҳудудга айланди.  У жойда отишма бўлмади. Қирғиз аскарлари осмонгагина ўқ отди. Сўнгра тўпланган халқ тарқади».

Сўх анклавининг қуйи қисмида жойлашган Боткен туманидаги Апқан овулига сув Ўзбекистоннинг қишлоқлари орқали келади. Сув келган ариқларни халқ хашар йўли билан тозаламоқда, фойдаланишда эса бир қатор майда зиддиятлар юзага чиқмоқда.

Ўзбек томонининг аҳолиси узоқ йиллардан буён ўзлари фойдаланиб келган чегарага яқин яйловга чиққанда Қирғизистон чегарачилари ўқ отишган дейишмоқда.

2013-йилдан буён Сўх анклавини Ўзбекистоннинг асосий қисми билан боғлаган Сўх-Риштон йўли ёпиқлигича қолмоқда. Қирғизистон билан Ўзбекистон  1379 километр масофада туташган бўлиб, шу масофанинг беш фоиз чегара ҳудуди аниқланмай қолмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ