Милиция: Болот Темиров сохта ҳужжатлар ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишда гумонланмоқда

Бишкек шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Тергов хизмати журналист, Temirov LIVE YouTube канали муаллифи Болот Темировга нисбатан қўзғатилган янги жиноят ишлари бўйича маълумотларни тақдим этди.

Милиция маълумотларига кўра, Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 283-моддаси («Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни ва уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш») бўйича 2022 йил январидан бери давом этаётган иш юзасидан янги ҳолатлар аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан Болот Темировга нисбатан Жиноят кодексининг 379 («Ҳужжатларни қалбакилаштириш») ва 378 («Қирғизистон Республикаси Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш») моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

ИИББнинг тушунтиришича, гумонланувчи 1996 йилда Россия фуқаролигини олган ва 2007 ва 2014 йилларда Россия паспортини янгилаган.

Шунингдек, милициянинг маълум қилишича, журналист 2008 йилда Қирғизистон Республикаси паспортини олиш тартибини бузганлигини, паспорт бўлимига бошқа шахсга тегишли сохта ҳарбий гувоҳнома тақдим этганини таъкидлаган. Шу билан бирга, Қирғизистон Мудофаа вазирлигида унинг ҳарбий ёки муқобил хизмати ҳақида маълумот йўқлиги таъкидланади.

Бундан ташқари, Болот Темиров бировнинг ҳарбий гувоҳномаси билан бирга 2005 йилдаги 0079814-сонли қалбаки вақтинчалик гувоҳномани тақдим этганликда гумон қилинмоқда. «Кейинчалик Темиров Болот бир неча бор Қирғизистон Республикасининг янги паспортларини муддати ўтган ва йўқолган сабабларга кўра олишга муваффақ бўлган. Сохта ҳужжатлар асосида мавжуд бўлган барча паспортлари билан Қирғизистон Республикаси давлат чегарасини 50 мартадан ортиқ ноқонуний кесиб ўтгани аниқланди», — дея хулоса қилди ИИББ.

Эслатиб ўтамиз, 19 апрель куни Болот Темиров ўзига нисбатан янги жиноят иши қўзғатилганини маълум қилиб, улардан бири ўша куни эрталаб очилганини таъкидлаган эди. Журналист жиноий таъқиб қилишни ўзининг касбий фаолияти билан боғлайди ва Қирғизистон Республикаси ҳукумати томонидан таъқиб қилинаётганини даъво қилади. 20 апрель куни у милиция бўлимига сўроққа чақирилган.

18 апрель куни Temirov LIVE канали Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев фарзандларининг давлат тендерларида иштироки бўйича текширувни эълон қилди. Болот Темировнинг сўзларига кўра, янги жиноят ишлари расмийларнинг журналистик текширувга муносабати бўлган.

Январь ойида полиция Болот Темировга нисбатан гиёҳванд моддаларни сақлашда гумон қилиб, жиноий иш қўзғатган ва унинг ишхонасида тинтув ўтказилган.

Ташиев, ўз навбатида, ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, ОАВда “Қирғизнефтегаз” иши ҳақида нотўғри маълумот тарқатилганини эълон қилди.

Халқаро ташкилотлар, хусусан, Human Rights Watch Қирғизистон ҳукуматини мустақил журналистлар ва оммавий ахборот воситаларини таъқиб қилишни бас қилишга чақирди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ