Кумуш-Азиз, Ёр-Қишлоқ ва Ташкилотнинг қисқача тарихи

Ҳозирги Ёр-Қишлоқ қишлоғига бундан икки аср аввал Сузоқдан биринчилардан бўлиб Асул Бобо кўчиб келиб жойлашган. Ўша пайтда Кўк-Арт дарёси кенгайиб, ушбу қишлоқдан ҳам оқиб ўтган. Баҳордаги сув тошқинлари юз бериб, қирғоқларни ювиб кетар эди. Шундан сўнг қирғоқда жарликлар пайдо бўлиб, мана шу жар-Қишлоқ номи ўшандан қолган. Қишлоқ ўртасида жарлик ушбу қишлоқни Катта-Ёр (Жар) ва Кичик-Ёр дея иккига ажратган. Бу ҳудуд бутунлай Қўқон хони Худоёр хонга тегишли бўлиб, уни ватандошимиз Усмон мингбош бошқарган. Хоннинг буйруғи билан халқ зич жойлашган Қўқон, Марғилон, Андижон ва Қашғар каби шаҳарлардан баъзи савдогарлар, деҳқонлар ва ҳунармандлар кўчиб келишган. Шунинг учун Кичик-Ёрни Шўр-Қўрғон ва Қашқар маҳаласи деб ҳам аташади. Маҳаллий деҳқонлар асосан шоли ўстиришган ва ўзларининг ҳусусий чорвасини боқишган.

 

Кумуш-Азиз ва Қуруқ-Кўл қишлоқлари халқнинг турмуш шароитини яхшилашда, аҳолининг илм-фан ва маданият даражасини кўтариш учун 1890-йилдан 1987-йиллар оралиғида хизмат қилган Оҳунжонов Муллажон, мулла Қосим, Собир Қори, Сидиқ ҳожи, Ўрмонхожи, Тиллавойхожилар ўз маблағлари ҳисобидан масжид, мадрасалар қуриб, халқнинг билимли бўлишига катта ҳисса қўшган. Сидиқ ҳожи ва Ўрмонхожи томонидан 1890 йилларда Кумуш-Азиз ва Қуруқкўл қишлоқларида қурилган масжидлар ҳанузгача халққа хизмат қилмоқда ва ушбу масжидлар тарихий ёдгорлик ҳисобланади. Бундан ташқари, халқимизнинг диний ва маънавий дунёсини бойитиш мақсадида мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг, ҳокимиятнинг розилиги билан Абдувалиев Абдулазиз Қори раҳбарлигида «Имом-Аъзам» масжид-мадрасаси қурилган.

 

1929-йилда Коммунистик партия ва Совет ҳукуматининг умумий коллективлаштириш сиёсатини амалга ошириш мақсадида Ёр-Қишлоқда биринчи колхоз ташкил этилиб, унга «Ёшлар» деган ном берилиб, 220 гектар экин майдонига эга бўлган. Дастлаб колхозга Ҳамтали Мамадалиев, Раҳматилла Болтаев, кейин Мирзақул, Раҳмонали Турдиев, Аҳмат Режавалиев, Қодирқул Мирзаев ва Неъматилла Мирзаевлар раҳбарлик қилишган.

 

Колхозчилар асосан пахтани етиштириб, гектаридан атиги 8-10 центнердан ҳосил олишган. 30-йилларнинг охирларида «Ёшлар», «Ташкилот» ва «Ўрнак» каби колхозлар бирлашиб, Киров номидаги колхозни ташкил қилдилар, уларга Улуғ Ватан уруши даврида Нуриддин Янгибоев ва Ҳайдар Саидалиев раҳбарлик қилган.

 

1945-йилда колхозга илгари пахта етиштириш бўйича 100 центнерчи етакчи бўлим бошлиғи бўлган Соли Алимов колхоз бошқаруви бошлиғи этиб сайланган. 1952-йилда Тўтуё қишлоғидаги Сталин колхози, 1954-йилда Масадондаги Молотов номидаги колхоз билан бирлаштирилган. 1957-йилда колхоз раиси С. Алимовга Социалистик Меҳнат Қаҳрамони мукофоти берилиб, 1958-йилда эса қўшни Қуруқкўл ва Кумуш-Азиз қишлоқларига аввал ташкил қилинган Бауман номидаги «Қурулиш», «Қайтмас», «Октябрь» ва бошқа кичик колхозларни бирлаштирган Ленин номидаги колхоз ҳам, Киров колхози билан бирлашиб, Ленин номидаги йирик колхозига айланган ва уни Соли Алимов бошқарган.

 

Ташкилот қишлоғи ҳам ўз тарихига эга. Қишлоқ номи «тузилиш», «бирлашиш» деган маъноларни англатади. Бу ерлар 2 аср олдин Сузоқликларнинг ёзги дала майдонлари бўлган. Ушбу қишлоқдаги ташкил топган колхозга биринчилардан бўлиб, Америкадан «Жондор» русумли тракторга бириктирилган уруғ сепувчиси сеялка келган. 1937-йилда колхозга Россияда ишлаб чиқарилган 1,5 тонна юкни ташишга мўлжалланган “ГАЗ-АА”  русумли юк машинаси берилган. Уни қишлоқнинг биринчи ҳайдовчиси Убайдулло Анарбоев бошқарган. 1939-йилда ушбу колхоз «Ёшлар» колхозига бирлаштирилган.

 

А. Ҳакимов номидаги № 93 мактабнинг

ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси

Каримахон Шерматова тайёрлади

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ