Нур-Султон Қирғизистонни Қозоғистон фуқаролари ва корхоналари хавфсизлигини таъминлашга чақирди

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги пайшанба куни кечқурун баёнот чиқариб, Қирғизистон томонини Қозоғистон фуқаролари ва Қозоғистон компаниялари хавфсизлигини таъминлаш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирди.

8 октябрь куни кечқурун вазирлик веб-сайтида эълон қилинган баёнотда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги «қозоғистонлик инвесторларга тегишли бўлган бир қатор корхоналарни ҳужумлар ва эгаллаб олишга уринишлар» ҳақида маълум қилди.

«Ходимларга — Қозоғистон Республикаси фуқароларига нисбатан жисмоний зўравонлик таҳдиди ва ушбу корхоналарнинг мулкига зарар етказиш таҳдиди фактлари алоҳида ташвиш уйғотмоқда», дейилади вазирлик баёнотида.

Ташқи ишлар вазирлигининг баёноти Қирғизистондаги сиёсий инқироз фонида ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятининг Ала-Бўка ва Чотқол туманларида жойлашган олтин қазиб олиш заводларининг бир қисмида иш тўхтатилганлиги тўғрисида эълон қилинди.

Қозоғистон ОАВси пайшанба куни Қозоғистоннинг КАЗ Минералс Бозймчак компанияси томонидан ишлаб чиқарилаётган олтин кони фаолиятини тўхтатганлиги ва ходимлар эвакуация қилинганлиги ҳақида хабар беришди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида таъкидланганидек, сўнгги йилларда Қозоғистон компаниялари Қирғизистон иқтисодиётига миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган. КАЗ Минералс Бозймчак — Қозоғистоннинг энг йирик мис ишлаб чиқарувчиси ҳисобланган КАЗ Минералс ПЛC компаниялар гуруҳига киради.

Қирғизистон пойтахтида 4 октябрь куни бўлиб ўтган баҳсли парламент сайловларида мағлуб бўлган сиёсий партияларнинг сохта ва тартибсиз сайловлар ҳақидаги даъволаридан сўнг 5 октябрь куни минглаб одамлар кўчаларга чиқдилар. 6 октябрга ўтар кечаси мухолифат тарафдорлари бир қатор маъмурий биноларни эгаллаб олишди. Бишкекдаги воқеалардан кейин кескинлик минтақаларга ҳам тарқалди. Қирғизистон Президенти Сооронбай Жеэнбеков мамлакатда юз бераётган воқеаларни «ҳокимиятни эгаллашга уриниш» деб таърифлади ва у қонуний президент бўлиб қолишини айтди. 9 октябрь куни Қирғизистон президенти веб-сайтида эълон қилинган баёнотида у «ижро этувчи ҳокимиятнинг қонуний раҳбарлари тасдиқлангандан ва мамлакат қонунийлик йўлидан ўтганидан кейин» истеъфога чиқишга тайёрлигини айтди. Мухолифат гуруҳлари илгари сайлов натижаларининг бекор қилинишига эришган, аммо улар муваққат ҳукуматни ким бошқариши борасида бир тўхтамга келишмаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ