Марказий Осиё мамлакатлари лидерлари Қирғизистондаги воқеалар юзасидан қўшма баёнот тарқатди

Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари 9 октябрь куни Қирғизистондаги воқеаларга доир қўшма баёнот тарқатишди. Баёнотда улар қўшни Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар юзасидан жиддий хавотир билдиришган.

Минтақа раҳбарлари Қирғизистон халқини ушбу қийин кунларда мамлакатда тинчликни сақлаб қолиш ва барқарорликни тиклаш учун ўзига хос бўлган оқилликни намоён этишга чақиришган.

Қирғизистоннинг барча сиёсий партиялари ва жамоатчилик доиралари тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, юзага келган масалаларни Конституция ва миллий қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда ҳал қилиш учун барча зарур ҳаракатларни амалга оширади, дея умид билдирамиз”, дейилади қўшма баёнотда.

Марказий Осиё лидерлари Қирғизистоннинг фаровонлиги минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланишнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланишини урғулашган.

Мамлакатларимиз ягона ўтмишга эга ва умумий келажакни қурмоқда. Марказий Осиё халқларини тарихан келажак авлод равнақи учун мустаҳкам тинчлик, ҳамжиҳатлик ва яратувчанликка интилиш бирлаштириб туради”, дейилган баёнотда.

Марказий Осиё давлатлари савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт-алоқа ва маданий-гуманитар соҳалар бўйича, чегараолди ва ҳудудлараро ҳамжиҳатлик жабҳалари бўйича минтақавий ҳамкорликни фаол мустаҳкамлаётганини урғулаган лидерлар бу йўлда Қирғизистон халқининг бирдамликка, тинч ва мустақил тараққиётга бўлган интилишини доим дастаклашларини қайд этганлар.

Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин сиёсий бўҳрон вужудга келган. Сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан бошланган норозилик акциялари тартибсизликларга айланиб кетган. 6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент аппарати ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй”ни эгаллаб олишган. Ўша тунда қамоқдаги қатор сиёсатчиларни озод қилинган. Бу воқеалар ортидан 6 октябрь куни Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси парламент сайлови натижаларини бекор қилган.

Ҳозирда мамлакатда турли сиёсий кучлар томонидан ҳокимият талашилаётгани кузатилмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ