Қирғизистон Xавфсизлик кучлари координатори Суваналиев БМТнинг мамлакатдаги вакили билан учрашди

2020 йил 8 октябрь Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши котиби в.б., хавфсизлик кучлари координатори Ўмурбек Суваналиев БМТнинг Қирғизистондаги доимий координатори Озонниа Ожиело билан учрашди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, томонлар мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилдилар. Суваналиевнинг сўзларига кўра, провокацион унсурлар вазиятни янада оғирлаштирмоқчи.

“Шунга қарамай, куч тузилмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кучлари ва воситалари вазиятни назорат қилиш учун етарли. Куч тузилмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари сиёсатдан ташқарида“, — деди Суваналиев.

Ҳозирда Қирғизистондаги ягона қонуний орган Хавфсизлик Кенгаши бўлиб, у мамлакатда тартибни тиклаш учун барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини ўз координациясига олди. Бу ҳақда Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари Ўмурбек Суваналиев Бишкекда бўлиб ўтган форумида айтиб ўтди.

«Вазият қийин. Томонлар ўзларининг митингларини ўтказадилар ва ўзаро келиша олмайдилар. Собиқ ҳокимият ўзининг кетмаганлигини ва ишлашда давом этишларини айтмоқда. Президент ўзининг қонунийлигини эълон қилади. Энди ягона қонуний орган Хавфсизлик Кенгашидир. Мен котиб ўринбосари вазифамни бажаряпман », деди у.

Суваналиевнинг таъкидлашича, ҳозирда у ҳеч бир томонни қўллаб-қувватламайди. Унга кўра, у бошқа давлатлар билан музокаралар олиб бормоқда ва мамлакатда нотинчликка йўл қўймайди.

Озонниа Ожиело БМТнинг Қирғизистондаги мавжуд вазиятдан хавотирда эканлигини билдирди ва ташкилот ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш учун зарур ёрдам ва кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Таъкидланишича, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш мамлакатда содир бўлаётган барча воқеалардан хабардор ва сиёсий инқироздан тезроқ чиқиб кетишни истайди.

Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг сиёсий инқироз юзага келди. Сайлов натижаларини бекор қилишни талаб қилган норозилик намойишлари ғалаёнларга айланди. 6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар парламент ва президент девони жойлашган «Оқ уйни» эгаллаб олишди.

Президент Сўўрўнбай Жеэнбеков мамлакатдаги сўнгги воқеаларни «ҳокимиятни эгаллашга уриниш» деб таърифлади ва у қонуний президент бўлиб қолишини айтди. Шу билан бирга, Бишкекда турли сиёсий кучлар ўртасида ҳокимият учун кураш авж олди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ