Қирғизистон Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги можарога ўз муносабатини билдирди

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги зиддиятларга хавотирини билдирди.

Баёнотда айтилишича, Қирғизистон Республикаси ҳар икки томонни ҳам тийилишга чақирган. Шунингдек, у ҳудудий яхлитлик ва мустақиллик тамойилларини ҳурмат қилган ҳолда можарони тинч ва музокаралар йўли билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Қирғизистон низонинг ечимини топиш бўйича конструктив таклифларни ишлаб чиқишга рози. Шунингдек, 1994-йилги Бишкек протоколининг тарихий тажрибасидан келиб чиқиб, можарога ечим топишда Озарбайжон ва Арманистон томонларига ёрдам беришга тайёр», дейилади баёнотда.

Тоғли Қорабоғ можароси ҳақида

Тоғли Қорабоғнинг ҳудуди кимга тегишлилиги билан боғлиқ баҳслар совет давридан бери давом этмоқда. Озарбайжон асосан арманлар яшайдиган минтақани 1990 йиллар бошидан бери назорат қилмайди. Ўшанда юз берган қуролли низолар оқибатида камида 30 минг киши ҳалок бўлган ва юз минглаб кишилар қочқинга айланган эди. Бу галги кескинлик 2016 йилдан бери энг йириги экани айтилмоқда.

Қорабоғни тинч йўл билан барқарорлаштиришга воситачи бўлган мамлакатлар, жумладан Россия ва АҚШ жанглар тўхтатилишига чақирмоқда. Ҳудди шу каби чақириқ билан Баку ва Ереванга БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш мурожаат қилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ