Аравон туман суди 23 сентябр куни оммавий муштлашув факти бўйича эҳтиёт чораси сифатила 4 нафар гумандорни 2 ой муддатга ҳибсга олди.
«Азаттиқ» радиосига Ўш вилоят ИИБ матбуот котиби Женишбек Аширбаевнинг айтишича, гумондорлар олти киши бўлиб, улардан бири соғлиғи сабаб шифохонада даволанмоқда.
20 сентябр куни кечқурун Ўш вилоятининг Аравон туманида «Мекеним Қирғизистон» партиясининг тарғибот тадбирида оммавий муштлашув бўлиб ўтди, бунинг натижасида 12 кишти турли даражада тан жароҳати олди. Ўш вилоят милициясининг хабар қилишича, жанжал «Мекеним Қирғизистан» партияси номзоди бошқа партия номзоди ҳақида ножўя гап айтганидан сўнг бошланиб кетди.
Ҳодисадан сўнг «Мекеним Қирғизистан» партияси баёнот бериб, юз берган воқеани «иғвогарлик» дея атади. «Биримдик» партияси эса иғво айбдорлари қонунга биноан жазоланиши кераклигини маълум қилди.
120 депутатдан иборат Олий Кенгашнинг VII чақириқ сайловлари 4 октябрда бўлиб ўтади. Унда 16 та партия иштирок этамоқда. Сайловолди тарғиботи 4 сентябр куни бошланган.