Хорижликларни Хитойга келишига рухсат берилди

  Хитойда 12 августдан Европадаги 36 давлатга, хусусан, Британия, Германия ва Франциядан келишга рухсат берилди. Европа мамлакатларидан келувчилар учун март ойида тақиқ қўйилганди, унга кўра, Хитойда ишлашга ва яшашга рухсатномаси борлар ҳам кириши тўхтатилганди.

Фақат алоҳида таклифномаларга эга бўлган сараланган ходимлар мамлакатга қайтиши мумкин бўлган.

Хитойга қайтишнинг ўзига хос мураккабликлари бор – пандемиядан олдин берилган визалар ва бошқа ҳужжатлар бекор қилинган. Аммо эндиликда европаликлар Хитойга виза олишга ҳужжат топшириш учун махсус таклифномага эга бўлиши талаб этилмайди.

Ҳамон хориждан келувчилар учун 14 кунлик карантин тартиби сақланиб қолмоқда. Хитойга чипта сотиб олиш ҳам мураккаблашган, мартда ушбу мамлакатга рейслар сони кескин қисқаргани туфайли, чипталар нархи кўтарилиб кетган.

Хитойда коронавирус билан боғлиқ вазият нисбатан барқарор. Ҳозирда бутун мамлакат бўйлаб жами 761 бемор бор. Шу вақтгача 79 мингдан ортиқ киши Covid-19дан тузалиб кетган.

Аммо чоршанба куни ҳукумат коронавирусдан такрорий зарарланиш ҳолати ҳақида хабар берди. Хубэй провинциясининг Цзинчжоу шаҳрида 68 ёшли аёлда вирус аниқланган, у март ойида ҳам касалланиб, касалликдан даволаниб чиққанди.

Маҳаллий расмийларнинг баёнотига кўра, такрорий касалланганда вирусни бошқага юқтириш ҳолати ҳозирча тасдиқланмаган.

Хитойликлар ҳам вирус қадоқлар орқали юқиши бўйича шубҳа билдиришган. Яньтай шаҳри расмийлари, музлатилган таом қадоғида коронавирус аниқлангани ҳақида хабар беришган, бу маҳсулот порт шаҳарга шимолдаги Далянь портидан келтирилганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, коронавирус пластикда 72 соат давомида сақланиб қолиши мумкин, аммо таом қадоғи орқали вирусдан зарарланиш ҳолати расман тасдиқланмаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ