Тожливирус вабоси узоқ давом этади

1 август куни Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг (ЖССТ) фавқулодда вазиятлар қўмитаси ўзининг бош офиси жойлашган Женева шаҳрида йиғилиш ўтказиб, ўтган йилнинг декабридан бери давом этиб келаётган тожливирус инқирози бўйича муҳокамалар олиб борди. Ушбу қўмитанинг огоҳлантиришича, бу вабо узоқ муддат давом этишининг эҳтимоли юқори.

“ЖССТ CОVID-19 вабосининг глобал хавфини жуда юқори деб баҳолашда давом этади. Қўмита тожливируснинг тахмин қилинган узоқ муддат давом этишига урғу бериб, давлатларнинг бир-бирларини доимий қўллаб-қувватлашлари муҳимлигини таъкидлади” дейилади ЖССТ берган баёнотида.

Ушбу йиғилишда қатнашган ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейсус вабонинг таъсири узоқ муддатли бўлишини таъкидлади.

“Шу нарса бизни ҳушёрликка чақириши керакки, олти ой олдин сиз менга дунё бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилишни маслаҳат берганингизда Хитойдан ташқарида тожливирус билан касалланганлар юзтадан кам эди ва бирорта ўлим ҳолати қайд этилмаганди. Ушбу вабо соғлиқни сақлаш тизимида бир асрда бир марта содир бўладиган инқироздир. Унинг асорати келётган бир неча ўн йилликларгача давом этади” дейди Гебрейсус қўмитага мурожаат қилар экан.

AFP томонидан берилган статистикага кўра, тожливирус вабоси ҳозиргача камида 680 минг кишини ҳаётдан олиб кетди ва 17.6 миллион киши уни юқтириб олди. Дунёдаги жуда кўплаб мамлакатлар бу касалликнинг тарқалишини тўхтатиш учун қатъий карантин қоидаларини жорий қилди. Натижада, уларнинг иқтисодиётларида пасайиш юзага келди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ