Ўшдаги ўликхонадан турмуш ўртоғининг жасадини «сотиб олган» фуқарога пули қайтарилди

Ўш шаҳрида истиқомат қилувчи мустақил журналист Ҳулкар Исамовага вафот этган турмуш ўртоғининг жасадини олиш учун берган пулларини ўликхонадан қайтариб беришди. Бу ҳақда Исамова Фейcбукдаги саҳифасида маълум қилди.

«Мен турмуш ўртоғимнинг ҳамкасбларига ва ҳақиқий офицерларга миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Менинг ўликхонага оид Фейcбукдаги постимга улар тезда муносабат билдиришди. Ўликхона ҳодимлари милиция ва терговчиларнинг ҳузурида мендан узр сўраб, олган пулларини қайтариб беришди », – деб ёзади Исамова.Шунингдек, мустақил журналист қайтарилган пуллар хайрия ишларига сарфланишини айтди. Бундан ташқари, Исамова ҳеч қандай шикояти йўқлигини ва шикоят беришдан бош тортганини маълум қилди.

Исамованинг фейсбук саҳифасига юклаган фотосуратда 10000 сом миқдоридаги пулни қайтарилгани кўриш мумкин. Унинг ўғли ўликхонага жами 13000 сом пул берган.

«Қолган пулларга бизнинг ўзимиз рози бўлдик. Сабаби санитарлар кафанлик  беришди. Биз уларнинг хизматлари учун барибир кўнгилдан чиқариб пул берар эдик», – дейди Исамова.

Тожливирус инфекциясидан вафот этган инспектор

20 июлда Исамова ўзининг Фейcбукдаги саҳифасида тожливирус инфекциясидан вафот этган турмуш ўртоғининг жасадини ўғли ўликхонадан сотиб олганини ёзган. Исамованинг сўзларига кўра, ўликхонада марҳумнинг танасини ёрмаслик учун 20 минг сом талаб қилишган. Аммо унинг ўғли улар билан келишиб, 10 минг сом тўлаган. Бундан ташқари унинг ўғли санитарларга 3000 сом берганини ёзган.

Ўш ўликхонаси раҳбари Нуркамал Даминов товламачилик ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини, аммо касбий доирада суриштирув олиб борилишини маълум қилган. Шунингдек, у бундай ҳолларда унга мурожаат қилиш зарурлигини таъкидлади.

Ҳулкар Исамованинг турмуш ўртоғи, Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси катта инспектори ва милиция капитани Улуғбек Умаров 9-июль куни вафот этган. Эр-хотин COVID-19 юқтириб олиб касалхонада даволанишаётганида Умаров соғайиб кета олмаган.

23-июл ҳолатига кўра, Қирғизистонда тожливирус билан касалланганлар сони 30126 кишига етди. Тожливирус билан оғриган  беморларнинг 16791 нафари соғайиб, 1169 киши вафот этди. Ҳозирда 13201 бемор касалхоналарда даволанмоқда.

Зарина Маматжанова

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ