“Фарғона” ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов Facebookда умрбод муддатга маҳкум этилган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров оғир хаста эканлиги ҳақида ёзган эди.
«Ҳуқуқ фаоли ва журналист, дўстимиз ва ҳамкасбимиз, умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Азимжон Асқаров оғир хаста ва ўзини жуда ёмон ҳис қилмоқда. Менинг манбам хабарига кўра, унда 10 кундан бери ҳарорат сақланиб турибди, у оғир нафас олиб, деярли ёстиқдан бошини кўтармаяпти. У ҳеч қандай тиббий ёрдам олмаяпти, ташхис номаълум», – деб ёзди Кислов.
У ҳуқуқ ҳимоячиларини ЖЖИЭ раҳбариятидан маҳкумга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилишга чақирди ва унинг ўзи Қирғизистон президенти ва ҳукуматига Асқаровни зудлик билан озод қилиш талаби билан мурожаат қилди.
ЖЖИЭ матбуот котиби Самат Каликов хабарни рад этди. Озодликка берган интервьюсида Асқаровнинг соғлиғи жойида эканини айтди. Унга кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси шифокорлар кузатуви остида, ҳарорат кўтарилмаган ва нафас олиши ҳам меъёрида.
«Эҳтимол, унинг тарафдорлари эътиборни жалб этиш учун қандайдир акция уюштиришгандир. Бирор бир нарсани кўз билан кўрмай, башоратлар қилмаган маъқул. Асқаровнинг касаллиги ҳақидаги хабарлар ёлғон», – деди Каликов.
Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозор-Қўрғон туманида яшаган ва ҳуқуқ фаолияти билан шуғулланган. 2010 йилнинг июнь воқеаларидан кейин у тартибсизликларни ташкиллаштириш ва милиция ходимини ўлдиришда қатнашганлик гумони бўйича қўлга олинган. Барча инстанциялардаги судларнинг қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.
2017 йилнинг 24 январида Чуй вилоят суди янги ҳолатлар бўйича очилган ишни қайта кўриб чиқишга киришди, аммо барибир оқибатда аввалги қарорни кучда қолдирди. Айни қарорни 2020 йил 13 майда Олий суд кучида қолдирди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси 2016 йилда Асқаров иши бўйича ўз хулосасини берди. Унда айтилишича, ҳибсда сақланар экан Азимжон Аскаров қийноқларга солинди, шунингдек, тиббий ёрдамдан ҳамда бетараф одил суд ҳуқуқидан маҳрум этилди. Шу муносабат билан ҳуқуқ фаоли шу йилнинг февралида Бишкекнинг туманлараро судига мурожаат қилиб, ҳукумат БМТ Қўмитаси қарорини бажармаётганлигини даъво қилди. ҚР Олий суди 15 июн куни хабар тарқатиб, Бишкек административ суди ҳуқуқ ҳимоячисининг Қирғизистон ҳукуматига қарши даъвоси бўйича ишни кўриб чиқишни тўхтатганини маълум қилди.