Собиқ депутат Алмамбет Шиқмаматовнинг рафиқаси Жанара Турдақунова икки томонлама зотилжамдан (пневмония) вафот этди. Маълумотни Шиқмаматовнинг яқинлари тасдиқлашди.
Жанара Турдақунова Миллий госпиталнинг реанимация бўлимида 5 кун ётган.
6-июль ҳолатига кўра, Қирғизистонда тожливирустан яна 4 инсон, шунингдек зотилжамдан (ўпка яллиғланиши) 18 бемор вафот этди. Мамлакат бўйлаб СОVID-19 вирусидан ҳалок бўлганларнинг умумий сони 92 инсонга етган бўлса, март ойидан буён зотилжамдан (пневмония) 195 киши вафот этди.
Тожливирусга қарши курашиш бўйича тезкор штабнинг маълумотига кўра, ҳозирда зотилжамдан азият чеккан икки минга яқин бемор Қирғизистон шифохоналарида даволанмоқда. Уларни кўпчилигида тожливирусга топширган анализи ижобий чиққан. Зотилжам билан оғир ҳолатда реанимацияда ётган беморлар сони 100 нафарга яқинлашган.
Интернетдаги ижтимоий тармоқларда вирусдан ва зотилжамдан вафот этганлар сони бундан ҳам бир неча баровар кўп бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар тарқалмоқда.