Париж клубининг аъзолари – Франция, Германия, Дания, Корея ва Япония – Қирғизистоннинг қарзларини вақтинчалик тўламаслигига рози бўлишди. Бу ҳақда бош вазир вазифасини бажарувчи Қубатбек Бўрўнов бугун парламент мажлисида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ташқи қарзни қайта кўриб чиқиш бўйича музокаралар натижасида бир нечта томонларнинг розилиги олинган.
«Ҳозирда Саудия тараққиёт жамғармаси билан Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармасидаги қарзни тўлашни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида келишувга эришилди. Қарз берувчиларнинг Париж клуби аъзолари – Франция, Германия, Дания, Корея ва Япония – Қирғизистоннинг қарзини вақтинчалик тўхтатишга розилигини берди «, деди Қубатбек Бўрўнов.
Хитой томони билан қарзнинг айрим қисмлари бўйича, президентимиз бошчилигида музокаралар олиб борилмоқда. Бу ерда ҳам музокаралар бизга ўзига яраша натижаларни беради,- дейди Қубатбек Бўрўнов.
Унинг сўзларига кўра, музокаралар натижасида 53,8 миллион доллар тежаш кутилмоқда.
«Биз ушбу маблағларни бошқа устувор соҳаларда фойдаланиш имкониятига эга бўламиз», деди у.
Қирғизистоннинг ташқи қарзи 3 миллиард 956,32 миллион долларни ташкил қилади. Қарзнинг 1,7 миллиард долларини Хитойнинг Эксимбанкига тўланиши зарур. Мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро бир неча мамлакатлар ва фондларга 692,8 доллар қарздордир.