Қирғизистонда коронавирус чалинганлар сони 216 кишига етди

Қирғизистонда бир кунда коронавирусни юқтириб олганлар сони кескин 69 тага ошди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазири Собиржон Абдикаримовнинг 6 апрел куни берган маълумотига кўра, аввал шифокорлар назоратига олиниб, карантинга ётқизилганлар орасида 69 кишининг тест ташхислари ижобий натижа кўрсатган.

Улар Ўш вилоятида 47, Жалолобод вилоятида 13, пойтахт Бишкекда 5та, Чуй, Норин, Иссиқ кўл ва Боткен вилоятларида биттадан беморни ташкил этади.

«Бугун коронавирусдан шифо топганлар 10 нафар. Яна 23 кишининг ташхислари аниқланиб, тайёр бўлди. Уларга бугун Жалолобод шифохонасидан уйига рухсат берамиз», деди вазир Собиржон Абдикаримов.

Унинг сўзларига кўра, шифохонада 202 киши даволанмоқда. Беш нафарининг аҳволи оғир барқарор деб баҳоланмоқда. Икки киши сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.

Икки кун аввал коронавирусни 9 нафар шифокор юқтириб олгани ва кеча бу хасталикдан тўрт киши вафот этган маълум бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазири бугунги кунда, коронавирус олдини олиш ва унга қарши кураш учун барча керакли тиббий жиҳоз ва дорилар етарли эканини урғулади ва оммавий ахборот воситаларини холис маълумот тарқатишга чақирди.

Юқумли хасталик кенг тарқалмаслиги олдини олиш мақсадида 22 мартдан бошлаб Қирғизистон ҳудудида фавқулодда ҳолат, 25 мартдан эса комендантлик соати эълон қилинди. Кечқурун одамларнинг ва транспортларнинг ҳаракати чекланган.

Коронавирус қайд этилган Ўш, Жалолобод, Боткен, Чуй, Иссиқ кўл, Норин вилоятлари ва Бишкек шаҳрида блокпостлар ўрнатилиб, шаҳар ва туманлар ёпилган. Бозор ва дўконларда озиқ-овқат нархи кўтарилган.

Расмийлар эпидемияга қарши кураш, унга чалинганларни даволаш ишлари олиб борилаётганини, аҳолини зарурат бўлмаса, кўчага чиқмасликка ва вирусдан сақланиш қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ