Мустақил журналист Шоҳрух Соипов Фейсбукдаги саҳифасига акаси, марҳум Алишер Соиповнинг 2006 йилда Қорасув шаҳридаги «Ас-Сарахсий» масжиди имоми Муҳаммад Рофиқ Камолов отиб ўлдирилганидан сўнг, унинг яқинларидан олган интервьюсини эълон қилгани учун милицияга чақирилган. Ҳозирда Берлинда яшаётган журналист бу ҳақда Фейсбукдаги саҳифасида ёзиб, «Азаттиқ»қа ҳам тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, ўзини Ўш вилояти ички ишлар бошқармасининг 10-бўлими ходими деб таништирган киши журналистга қўнғироқ қилиб, видеодаги одамларнинг шахси ва видеони қандай мақсадда жойлаштиргани билан қизиққан. Шунингдек, 10 август куни милицияга суҳбатлашиш учун келишини айтган.
«Унга Берлинда яшашимни айтдим. Ёш милиция ходими Алишер акамни танимаслигини дарҳол сездим. Шунинг учун унга ўзимни таништириб, видео ҳақида ҳам батафсил маълумот бердим. Бу воқеа бўйича ёши каттароқ, аввал ишлаган ҳамкасбларидан маълумот сўрашни маслаҳат бердим. У мени тўғри тушунди, лекин пост остидаги изоҳларни назорат қилиб туришимни сўради», деди Соипов.
Журналист Фейсбукдаги пости остида айрим одамлар бир-бирини ҳақорат қилувчи изоҳлар ёзганини тасдиқлаб, уларни ўчиришга мажбур бўлганини қўшимча қилди.
«Мен бу видеони интернетдаги очиқ манбалардан олганман ва унда Алишер акам кўринган жойларинигина қолдирдим. Унда айтилган гаплар ҳеч қандай қонунга зид эмас, фақат марҳум имом ҳақида сўз боради. Видеони акамни хотирлаш мақсадидагина эълон қилдим», дейди у.
Милиция бу масала бўйича ҳозирча изоҳ бергани йўқ.
Журналист Шоҳрух Соипов 2007 йилда Ўшда отиб ўлдирилган журналист Алишер Соиповнинг укаси. У турли ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб, мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий масалалар ва чегарадаги муаммолар ҳақида материаллар тайёрлаб келади.
«Сиёсат» газетаси таъсисчиси Алишер Соипов 2007 йил 24 октябрь куни Ўш шаҳрида номаълум шахслар томонидан отиб кетилган.