Милиция ходимлари Иссиққўлда чўкаётган инсон ҳаётини сақлаб қолди

2026 йилнинг 13 июлидан 14 июлига ўтар кечаси Иссиқкўл вилоятининг Бостери қишлоғидаги кўл соҳилида хизмат ўтаётган милиция ходимлари кўлнинг ўртасидан ёрдам сўраб, сўнгги кучи билан бақираётган одамнинг овозини эшитишган. Милиция ходимлари тезкор ва қатъий ҳаракатлари натижасида сувга чўкаётган тахминан 45–50 ёшлардаги осиёлик фуқарони соғ-омон соҳилга олиб чиқишган.

Фуқаро соҳилга чиқарилгандан сўнг ҳушини йўқотган ҳолатда бўлган. Милиция ходимлари унга воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, кейинчалик тез ёрдам хизмати ходимларига топширишган.

«Бемор Ўш вилоятида яшовчи 54 ёшли фуқаро экани аниқланган. Ҳозирда унинг соғлиғи қониқарли, ҳаётига хавф йўқ», дейилади хабарда.

Иссиқкўл вилояти ИИБ фуқаролар ва дам олувчиларни кўлда дам олиш вақтида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақиради. Айниқса, тунги вақтда кўлга тушмаслик, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда сувга кирмаслик, об-ҳаводаги ўзгаришларга эътибор бериш, ёлғиз сузмаслик ва белгиланган хавфсизлик ҳудудидан чиқмаслик зарур.

Шунингдек, болаларни кўл соҳилида ёки сувда назоратсиз қолдирмаслик ҳар бир ота-онанинг масъулияти ҳисобланади.

Фавқулодда вазият юзага келган тақдирда, вақтни бой бермасдан 102 хизматига ёки яқин атрофдаги милиция ва қутқарув хизмати ходимларига мурожаат қилиш лозим.

Хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш — инсон ҳаётини сақлаб қолишнинг энг ишончли йўлидир.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ