Ўш шаҳар мэри Жанарбек Акаев Баялинов кўчасининг Алимбек Датқа кўчасидан Мўлдо-Ниёз кўчасигача бўлган қисмида амалга ошириладиган асфальт ётқизиш ишлари олдидан йиғилиш ўтказиб, лойиҳа билан жойида танишди.
Йиғилиш давомида кўчанинг ҳозирги ҳолати, йўлни капитал таъмирлаш, янги асфальт ётқизиш, шунингдек, ирригация тизимини янгилаш бўйича бажариладиган ишлар муҳокама қилинди.
Шаҳар ҳокими қурилиш ишларининг сифати ва белгиланган муддатларга қатъий риоя этилишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб, тегишли муассаса ва корхоналар раҳбарлари ҳамда масъул ходимларга барча ишларни белгиланган талаблар асосида, сифатли ва ўз вақтида якунлаш бўйича қатор топшириқлар берди.
Мазкур лойиҳа амалга оширилгач, кўчанинг транспорт ўтказувчанлиги ва йўл ҳаракати хавфсизлиги яхшиланади. Шунингдек, ҳудуд инфратузилмаси янгиланиб, аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади.