Суд Шаирбек Ташиевни яна икки ойга қамоқда қолдирди

Бишкекнинг Биринчи май туман суди Жогорку Кенешнинг собиқ депутати, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиевнинг укаси Шаирбек Ташиевнинг қамоқ муддатини узайтириб, уни 16 июлгача тергов ҳибсхонасида қолдирди.

Туман суди мазкур қарорни Ички ишлар вазирлиги (ИИМ) Тергов хизмати муҳим ишлар бўйича бошқармаси катта терговчисининг илтимоси асосида 15 май куни қабул қилди. Шаирбек Ташиев Бишкекдаги №1 тергов ҳибсхонасида сақланмоқда.

ИИМ Шаирбек Ташиевга Жиноят кодексининг “Коррупция” моддаси бўйича айб қўйиб, уни 1 апрель куни қўлга олган. Унгача у гувоҳ сифатида сўроқ қилинган эди.

Ички ишлар вазирлиги Шаирбек Ташиев ишига оид айрим ҳолатларни очиқлаб, махсус видео эълон қилди. Унда “Қирғизнефтегаз” корхонасидаги коррупцион схемалар туфайли давлат 4,1 миллиард сўм зарар кўргани ва бунда Шаирбек Ташиевнинг алоқаси борлиги айтилган.

Собиқ депутат ҳамда унинг адвокати ва яқинлари бу ҳақда ҳозирча изоҳ бермаган.

Шаирбек Ташиев қамоққа олинишидан олдин “Азаттиқ”қа берган интервьюсида ҳеч қандай ноқонуний ишларга алоқаси йўқлигини, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг саволлари бўлса жавоб беришини айтган.

10 февраль куни президент Садир Жапаров Қамчибек Ташиевни Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод қилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ