Ҳаражатлар 10 баравар тежалади. Новқатда катта кислород станцияси қурилди

Новқат тумани ҳудудий касалхонаси базасида янги тиббий кислород ишлаб чиқариш станциясининг синов жараёнлари муваффақиятли якунланди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури хабар берди.

Лойиҳа БМТ Тараққиёт Дастури томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилиб, Глобал Жамғарма томонидан молиялаштирилди.

Станция COVID-19 пандемияси даврида кислород танқислиги каби муҳим муаммоларни ҳал қилиш учун қурилган.

Германиядан импорт қилинган замонавий ускуналар билан жиҳозланган станция кунига 100-150 баллон (ёки 1200 кубометр) сертификатланган тиббий кислород ишлаб чиқариш имкониятига эга. Бу ҳажм нафақат Новқат туманининг, балки қўшни 3-4 та туманнинг эҳтиёжларини тўлиқ қоплайди.

Илгари йилига ўртача 32 миллион сом кислород сотиб олишга сарфланган бўлса, энди бу харажат 3,7 миллион сомгача камаяди.

Новқат ҳудудий касалхонаси директори Кубатали Азимбаевнинг сўзларига кўра, ҳозирда деярли барча бўлимлар ва қабул бўлимида кислород етказиб бериш пунктлари ўрнатилган. Бу ҳар йили рўйхатга олинадиган 2500 дан ортиқ пневмония ва бошқа оғир аҳволдаги беморларга ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш имконини беради.

Ҳисоботда таъкидланганидек, станция тўлиқ давлат балансига ўтказилади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ