Акрам Мадумаров Ўзбекистон билан Сўх-Риштон йўли масаласи муҳокама қилинмаганини айтмоқда

Қирғизистон билан Ўзбекистон расмийлари Сўх-Риштон йўлини очишга оид масалани муҳокама қилганлари йўқ. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига бош вазир ўринбосари Акрам Мадумаров 2 июнь куни билдирган.

Ҳукумат мулозими чегарадаги можаронинг келиб чиқишига аввало чегарада аниқланмаган участкалар борлиги, яйлов ва сувдан фойдаланиш масалалари сабаб бўлганини айтаркан, Сўх-Риштон йўлини очиш учун икки томоннинг розилиги билан бир қаторда бунинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқи тартиб-қоидаларига тўғри келиши талаб қилинишини айтди.

“Йўлни очиш масаласи ҳеч қачон бир томонлама ҳал бўлмайди. Албатта иккинчи томоннинг розилиги лозим. Агар сўхликлар Ўзбекистон бош вазири олдига масала қўяётган бўлса, бу ҳукумат даражасида ҳал қилиниши шарт. Ҳал қилинганда ҳам икки томоннинг манфаатларини эътиборга олиш билан ҳал этилиши керак. Шу сабабли бу масала ҳал бўлди, дейишдан йироқмиз. Бу музокараларнинг асосий кун тартибига киритиладиган масаладир. Қирғизистон ЕОИИ аъзоси, Ўзбекистон эса бу ташкилотга аъзо эмас. Шу важдан чегара ҳудудлари, савдосотиқ масаласи ЕОИИ низоми ва халқаро шартномалар асосида кўриб чиқилади. Бугунги кунда бу масала муҳокама қилингани йўқ, деди А. Мадумаров.

Шу йил 31 май куни Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани турғунлари орасида жанжал юз бериб, икки мамлакат фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилди.

Чегарадаги можаро ортидан 1 июнь куни сўхликлар билан шахсан учрашган бош вазир Абдулла Арипов қирғиз расмийлари билан Сўх-Риштон йўлини очиш тўғрисида гаплашганини айтган ва уларга йўл масаласида талаб қўйганини билдирган эди.

31 май кунги можаро оқибатида, қирғиз расмийлари маълумотига кўра, 25 нафар қирғизистонлик тан жароҳати олган.

Айни пайтда Сўх тумани ҳокимлиги 31 майдаги можаро ортидан туман шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилгани, 15 нафари вертолётда вилоят шифохоналарига олиб кетилганини расман маълум қилган.

Сўх тумани тиббиёт бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, яраланганлардан 13 нафари ўқ еган, айримларининг жароҳати оғир.

2 июнь куни Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов 3 киши ов милтиғидан яраланганини расман маълум қилди.

Бу ярадорлар ҳолидан 1 июнь куни Сўх туманига борган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам хабар олди.

Ўзбекистонга қарашли Сўх тумани Қирғизистон ҳудудидаги эксклав бўлиб ҳисобланади. 2013 йили қирғиз-ўзбек чегарасидаги можародан кейин Сўх-Риштон йўли ёпиб қўйилган. 2019 йилда бу йўл 2 кунга очилиб, кейин яна ёпилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ