Ўшдаги туғруқхонада янги туғилган 5 чақалоқда коронавирус аниқланди

Қирғизистон пойтахти Бишкекда ва Норин вилоятида коронавирус вазияти мураккаблигича қолмоқда. Бу ҳақда 29 майда Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Нурбўлўт Усенбаев маълум қилди.

“Бишкекда бир қатор тиббиёт муассасаларида: онкология ва юқумли касалликлар шифохонасида, қатор оилавий тиббиёт марказларида вирус тарқалиб, касалланганлар сони кўпайди. Норинда ҳам вилоят касалхонасида коронавирус аниқланди. Бу вилоятда ички ишлар бошқармаси ходимлари орасида ҳам коронавирус юқтирганлар кўпайиб, вазият бир оз мураккаблашди”, – деди вазир ўринбосари.

Унга кўра, Ўш шаҳар туғруқхонасида ҳам 28 май куни 34 кишида коронавирус аниқланди. Улардан беш нафари янги туғилган чақалоқ, 14 нафари туғруқдаги оналар, қолгани тиббиёт ходимларидир.

29 майда Қирғизистонда коронавирусга чалинган яна 68 одам аниқланди. Бу билан коронавирус юққанлар сони 1662 одамга етди. 1088 бемор соғайди, 16 одам вафот этди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ