Бундан икки ҳафта олдин иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши ортидан бошланган намойишларнинг воқеалар ривожи қуйидагича:
Норвегияда жойлашган инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, Эронда ҳукуматга қарши намойишларнинг шафқатсизларча бостирилиши оқибатида камида 650 нафар намойишчи ҳалок бўлган.
Бутун мамлакат бўйлаб интернетнинг узиб қўйилиши Эронда нималар бўлаётгани ҳақида аниқ маълумот тарқатилишини қийинлаштирмоқда. Мухбиримиз билан Starlink сунъий йўлдош хизмати орқали боғланган шахс: «Дунё ичкарида биз билан нималар содир бўлаётганини билиши керак», – деди.
Ҳалок бўлганлар орасида 26 ёшли футбол ҳаками Амир Моҳаммад Кооҳкан ва 23 ёшли талаба Рубина Аминиан ҳам бор.
Эрон Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг таъкидлашича, ҳукуматга қаршин намойишлар билан бирга бугунги ҳукуматни қўллаб-қувватловчи намойишлар «Америка сиёсатчилари ўзларининг алдов ва маккорликларига чек қўйишлари учун огоҳлантириш» бўлди.
Хоманаий бугунги кунни «тарихий кун» деб атади ва «қатъий ирода билан тўлиб-тошган ушбу улкан йиғинлар хорижий душманларнинг ички ёлланма шахслар орқали амалга оширмоқчи бўлган режаларини барбод қилганини» қўшимча қилди.
Шунингдек, у: «Эрон халқи қудратли ва ҳушёр халқдир, у ўз душманларини танийди ва ҳар қандай вазиятда доимо ҳозиру нозир», дея таъкидлади.