Ўшдаги таъмирланган иккита кўча бирлаштирилиб, буюк қозоқ шоири Абай Кунанбаев номи билан аталди. Бугун, 25 ноябр куни янги қурилган Абай майдони, музейи ва ёдгорлиги тантанали равишда очилди. Бу ҳақда шаҳар мэрияси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, очилишда шаҳар мэри Женишбек Токторбаев, Ўш вилоятидаги Президент ваколатхонаси раҳбарияти, Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева, Қозоғистоннинг Ўшдаги бош консули Мухтар Карибай ва шаҳар аҳолиси иштирок этди.
Янги ҳиёбон 2858 квадрат метр майдонни эгаллайди. Ҳудудга ёдгорлик, музей, скамейкалар ўрнатилди, тош йўлаклар ётқизилди, ёритиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Абай Кунанбаев бюсти ва боғ дўстлик рамзи ва ёш авлод учун муҳим маданий макон сифатида белгиланди.