Қирғизистон президенти Садир Жапаров 30 сентябрь куни халққа мурожаат қилди.
“Ҳурматли қирғизистонликлар!
Мен сизларга навбатдаги мурожаатим билан чиқишни лозим топдим. Сабаби, 25 сентябрда Жўғўрқу Кенеш ўзини-ўзи тарқатиш ҳақида қарор қабул қилганидан сўнг, мен бугун Жўғўрқу Кенешнинг 8-чақириқ депутатлари сайлов кунини 30 ноябрга белгилаб, Фармонга имзо чекдим. Шундай қилиб, Жўғўрқу Кенеш депутатлари сайлови шу йилнинг 30 ноябрь куни бўлади.
Биринчи навбатда, ташаббус кўтариб, ушбу масалани қўллаб-қувватлаган депутатларга чуқур миннатдорчилик билдираман. Сизлар қолган бир йиллик депутатлик муддатингизни эмас, балки давлатнинг узоқ муддатли барқарорлигини ўйладингизлар. Давлатчилик нуқтаи назаридан фуқаро сифатида фикр юритдингизлар.
Сабаби, келажакда икки сайлов ҳар беш йилда бир-бирига туташиб қолса, бу, биринчи навбатда, Марказий сайлов комиссияси учун қийинчилик туғдиради, иккинчидан, сиёсий барқарорликка салбий таъсир қилиши мумкин. Учинчидан, келаси йил кузда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммити ва Кўчманчилар ўйинлари бизда ўтказилади.
Қисқа айтганда, “тўққиз толғоқ” бир вақтда келяпти. Айрим сиёсатчилар ёки мухолифатчилар бир йилдан кейинги президентлик сайловига тайёргарлик кўряпти деб ўйлаши мумкин. Йўқ, азизлар. Мен ҳеч бир депутатдан тарқалинглар деб сўраганим йўқ.
Мен 5 йил аввал 80 фоиз халқнинг қўллови билан сайланганман. Кейинги сайловга номзодимни қўйсам, 90 фоиз билан ўтаман, деб ишонаман. Чунки халқнинг қўллови аввалгидан ҳам кучайганини ҳис этяпман.
Бундан кейин узоқ муддатли сиёсий барқарорлик ўрнатилганига қувоняпман. Энди насиб бўлса, икки сайлов ҳар доим бир ярим йиллик оралиқ билан ўтказилади.
Шунинг учун, ҳурматли депутатлар, ҳар бирингиз ўз манфаатингизни ўйламай, энг тўғри қарор қабул қилдингизлар. Биз бошқарув тизимини ислоҳ қилиб, тўғри йўлга солдик, сиёсий инқирозларни йўқотдик, иқтисодий ўсишни таъминладик. Энди келажак учун узоқ муддатли барқарорликни ўрнатишимиз керак эди. Мана энди узоқ муддатли барқарорлик шаклланди десак бўлади.
Энди, ҳурматли эл-юртим, мурожаатимнинг мазмунига ўтайлик.
Мустақиллик олганимиздан кейин 30 йил ичида юртимизда 3 марта инқилоб бўлди. Уларнинг учаласи ҳам сайловлардан келиб чиққан. 3 марта давлатимиз парчаланиш хавфига дуч келди.
Чунки сайловлар адолатли ўтмас эди. Бирининг овозини иккинчисига қўшишар, ёки кам овоз олган номзоднинг овозини кўпайтиришар, овоз сотиб олишар, хуллас, ҳокимиятдагилар хоҳлаганича сайловлар ўтказиб келар эди.
Ҳозир эса ўша эски сайлов тизимини йўқ қилдик. Илгаригидек бюллетенларни олдиндан юклаб, сайлов участкасига олиб бориб, кечаю кундуз қўриқлаб турган давр ўтиб кетди.
Ҳаммаси рақамлаштирилди. Ҳозир сайлов участкасига борганингизда, рўйхатдан ўтганингиз билан бюллетенни компьютер чиқариб беради. Хоҳлаган номзодингизга овоз бериб, бюллетенни автомат қутига ташлайсиз.
Автомат қути овозингизни қайси номзодга берганингизни дарҳол ҳисобга олади ва сайлов тугашини кутади. Кечки соат 20:00 да қутининг тугмасини босиш билан, қайси номзод қанча овоз олганини дарҳол чиқариб беради.
Бундан ташқари, қутидаги бюллетенлар чиқарилиб, номзодларнинг кузатувчилари билан бирга қўл билан ҳам санаб чиқилади. У бюллетенлар бир йил давомида архивда сақланади. Қайси номзод қайси участкадан шубҳа қилса, ариза ёзиб, қайта санаши мумкин.
Қисқаси, ҳеч бир номзод ёки кучлар сайлов натижасига даъво қўя олмайди. Чунки бизда сайлов тизими тўлиқ рақамлаштирилган ва автоматлаштирилган. Бундай сайлов тизими МДҲ давлатлари ичида фақат бизда мавжуд.
Қирғизда: “Оғзи сутдан куйган айронни ҳам пфуфлаб ичади” деган тўғри сўз бор. Шунингдек, сайловнинг “шайтон ўйинлари”дан 30 йилда 3 марта тўнтариш кўрган халқимиз сайлов тизимини инсон омили аралашмайдиган даражада рақамлаштириб, автоматлаштириб қўйдик.
Мен нима демоқчиман? Бундан буён сайловларда овоз санашда ва натижа чиқаришда ҳокимиятнинг ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Овозларни компьютер санайди, натижасини ҳам компьютер чиқаради. Сўнгра қўл билан санасангиз ҳам, ҳеч қандай фарқ бўлмайди. Компьютер чиқарган натижа билан қўл билан санаган натижа бир хил чиқади.
Ҳурматли қирғизистонликлар!
30 йил ичида сизлар минг хил депутатни кўрдингизлар. Яхшисини ҳам, ёмонини ҳам, популистини ҳам, демагогини ҳам, бақир-қиқирини ҳам, бойини ҳам, камбағалини ҳам, овоз сотиб олганини ҳам, сотганини ҳам кўрдингизлар.
Шу боис, сизлар депутат сайлашда “мастер” бўлиб қолдингизлар, деб ишонаман. Шунинг учун, келаётган сайловда фақат муносиб номзодларни сайланглар демоқчиман.
Муносибларни сайлаш энди сизнинг қўлингизда. “Ўз боламиз” деган тушунчадан ҳам узоқ бўлинглар. Чатқолдан Олайга, Олайдан От-Баши билан Қарқирага борса ҳам — ҳаммаси ўз фарзандинглар. Биз бир халқмиз.
Ҳозирги қонунга кўра, ҳар бир округдан учтадан депутат сайланади. Бир сайловчи фақат бир номзодга овоз бера олади. Яъни, бир сайловчи – бир овоз. Учинчи ўрин аёлларга тегишли.
Аввал аёллар эркаклар билан тенг шартда сайловда қатнашар эди. Кўрдингизми? Дунёда йўқ тизимни биз жорий этдик. Аёлларнинг ҳуқуқи топталмасин дедик. Биз аёлларни ҳурмат қилган миллатмиз. Биздан халқ бошқарган аёллар, Ватанини ҳимоя қилган қаҳрамон қизлар чиққан.
Биз ҳам инсон ҳуқуқини, ҳам аёлларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишимиз керак. Қолаверса, бу ҳақда қаттиқ айтадиган мамлакатларнинг ўзида аёллар учун бундай шартлар йўқ. Улар талаб қилади, лекин ўзлари бажармайди.
Ҳурматли қирғизистонликлар!
Биз, ҳокимият тарафидан, тоза сайлов ўтказиш учун барча шарт-шароитни яратдик. Энди сизлар ҳам тоза сайлашга ўрганинглар. Овозингизни сотманглар. “Овоз сотиб оламан” деб келган номзодларни халқ орасида шарманда қилинглар.
“Йўл, мактаб, боғча солиб бераман” ёки “осмондон ойни олиб бераман” деганларга ишонманглар. Депутат қурилишчи эмас, у қонун ёзади, унинг бажарилишини назорат қилади, халқ билан ҳокимият ўртасида кўприк бўлади.
Овозингизни сотган депутат 5 йил давомида фақат ўзи учун ишлайди. Ундан эл учун фойда бўлмайди.
Шунингдек, яна бир турдаги номзодлар бор: Улар тили билан буғдой қовуришади, лекин қўлидан ҳеч нарса келмайди. Бундай депутатларни ҳам кўрдингизлар. Улардан ҳам эҳтиёт бўлинглар.
Қисқаси, бу сайловда яна “ўшалар”ни сайлаб, кейин 5 йил “депутатлар – аҳмоқлар” деб нолиманглар. Агар нолисангиз, ўзингизга нолийсиз.
Кимни сайласангиз ҳам, улар сизнинг 5 йиллик депутатларингиз бўлади.
Минглаб доллар бериб партия рўйхатига кириб, ҳеч ким танимайдиган одам депутат бўлиб келадиган тизим энди йўқ. Энди депутатларни сизлар ўзингиз орасидан тўғридан-тўғри сайлайсизлар.
Биз, ҳокимият, “номзодни халқнинг ўзи танласин” деб барча шароитни бердик. Энди сизлар ҳам адашмай, тўғри танланглар.
Бу сафар ҳақиқий халқ вакилларини сайлайсизлар.
Шу ерда барча давлат хизматчиларига, мактаб ўқитувчиларига, шифокорларга ҳам мурожаат қилмоқчиман. Сайловга аралашманглар. Ким аралашса, фақат ишдан кетиш билан қолмайди, қаттиқ жазоланади.
Номзодларнинг халқ билан учрашувларига боришга таъқиқ йўқ. Боринглар, дастурини эшитинглар, кейин қалбингизга ёққан номзодга овоз беринглар. Аммо тарғибот ишларига қатнашманглар. “Фалон номзодни ўтказаман, фалончани йиқитаман” деб юрманглар.
Бу сайловни бошидан охиригача мен шахсан кузатаман. Қайси округда адолатсизлик бўлса, Марказий сайлов комиссиясининг текширувларига шахсан ўзим қатнашаман ёки ишончли одамларимни юбораман. Ҳар бир ишнинг натижасини адолат билан чиқарамиз.
Келинглар, биз ҳам ривожланган давлатлар каби цивилизациянинг энг юқори чўққисига интилайлик. Иқтисод билан шуғулланайлик, мудофаа ва хавфсизлигимизни мустаҳкамлайлик.
Қачонгача тортишув ва жанжалдан бошимиз чиқмайди?
Қисқаси, бу сайлов тарихимизда бўлмаган даражада адолатли ўтиши керак. Халқ қайси номзодни хоҳласа, ўша номзод ўтсин.
Халқ сайлаб берган депутатлар билан ишлашга тайёрмиз.
Эътиборингиз учун раҳмат!”