Қирғизистон Жоғорку Кенешининг конституцион қонунчилик, давлат қурилиши, суд-ҳуқуқий масалалар ва регламент бўйича қўмитаси 19 май куни сайлов барьерини 5%гача камайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Депутатлар гуруҳи президент ва Жоғорку Кенеш депутатлигига сайлов тўғрисидаги конституцион қонунга ўзгартиш киритиш таклифини берди, унга кўра сайловларда сайловчиларнинг5% овозини олган партиялар парламентга ўтади. Бундан ташқари, депутатлар сайлов кафиллигини 5 млн сомдан 1 млн сом ($65 мингдан $13 минг)гача камайтиришни таклиф қилишди.
«Мен тушунаман, президентнинг 7%-лик барьер тўғрисидаги таклифидан кейин, кўпчилик депутатлар ҳам шу фикрга келган. Аммо мен қонун лойиҳаси кўриб чиқилишини сўрайман, ҳамдапарламент қарор қабул қилиши керак», – дейди қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири Исхақ Масалиев.
Унинг ҳамкасби Алтинбек Сулаймановнинг фикрича, бу ташаббус парламентдаги кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланмайди, шу сабабли қонун лойиҳаси қайтариб олинишини таклиф қилди. У сайлов кафиллигини камайтириш масаласи бошқа бир қонун лойиҳасида акс этиши борасидаги ташаббусни илгари сурди.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси учун мажлисда иштирок этган депутларнинг 14 нафаридан атиги 2 нафари ёқлаб овоз берди.
Ўтган ҳафта Жоғорку Кенеш биринчи ўқишда парламент сайловларида сайлов чекловларини 9 фоиздан 7 фоизгача тушириш борасидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган эди. Парламентда қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётганида баҳс чиқди, депутатлар нима учун 7 %лик қонун лойиҳаси 5% лик қонун лойиҳасидан аввал муҳокама қилинаётгани билан қизиқиб қолдилар.