Бишкекдаги марказий истироҳат боғи ноқонуний иншоатлардан тозаланади

Боғ майдонининг учдан бир қисмини юқори лавозимдаги амалдорлар, катта тадбиркорлар ва депутатлар ўзаро бўлиб олганлиги айтилмоқда.

Бишкекдаги «Отатурк» номидаги марказий истироҳат боғи ноқонуний қурилган иншоатлардан тозаланади. Пойтахт ҳокими Айбек Жунушалиев 16 апрель куни маълум қилишича, боғ ҳудудидаги ерларни жисмоний ва юридик шахсларга ажратиб бериш ҳақидаги 124 қарор бекор қилинмоқда.

Боғ ҳудудидан ерларни яшаш ва тадбиркорлик фаолияти учун ажратиш ҳақидаги қарорларни ундан аввалги ҳокимлар ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари қабул қилган эди.

“Боғ ҳудудида қурилган барча иншоатларни бузиш, айбдор шахслар ҳисобидан етказилган зарарни қоплаш ва боғ ҳудудидан ер участкалари ажратиш тўғрисида қарорни қабул қилган шахсларни жавобгарликка тортиш учун прокуратурага мурожаат қилинмоқда”, дейди ҳоким.

Жунушалиевнинг айтишича, ушбу чора-тадбирлар президент Садир Жапаров билан мувофиқлаштирилган.

1992 йилда ташкил этилган боғнинг майдони 107 гектар бўлган, бироқ йиллар давомида унинг ҳудудининг учдан бир қисми қурилишларга бериб юборилган. 2019 йилда Kloop.kg нашри эълон қилган журналистик суриштирувга кўра, боғ майдонини юқори лавозимдаги амалдорлар, катта тадбиркорлар ва депутатлар ўзаро бўлиб олган. Журналистларнинг ёзишича, икки юзга яқин собиқ депутат, судьялар, прокурорлар ва вазирлар боғ ҳудудидан ўзига ер участкаларини ажратиб олишга муваффақ бўлган.

Жунушалиев Отатурк боғидаги ноқонуний берилган ерларни шаҳар мулкига қайтариш ниятида бўлган биринчи пойтахт ҳокими эмас. 2018 йилда Азиз Суракматов Бишкек мэри сифатида ҳам худди шундай ташаббус билан чиққан эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ