Туркия: Йирик шаҳарларда мухолифат номзодлари пешқадам

Туркиядаги энг йирик шаҳар бўлган Истанбулда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга мухолифатда бўлган амалдаги мэр Экрем Имомўғли олдинда бормоқда. Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, Имомўғли 51 фоиздан кўпроқ, унинг рақиби Мурат Қурум эса 39,5 фоиз овоз йиғолган.

Жумҳурият халқ партиясининг яна бир номзоди – Анқаранинг амалдаги мэри Мансур Яваш ҳам Эрдўғон партияси номзоди бўлган рақибидан қарийб икки баравар кўп овоз олган – Мансур Яваш учун сайловчиларнинг 60.35 фоизи, рақиби Тургут Алтинўқ учун эса 31.69 фоизи овоз берган.

Туркияда 31 март куни бўлиб ўтган маҳаллий сайловлар сиёсий шарҳловчилар томонидан 2028 йилдаги президент сайлови олдидан куч синашиш ўлароқ баҳоланмоқда. Кейинги сайловга амалдаги президент Эрдўғон ўз номзодини қўймаслиги айтилмоқда. Таҳлилчилар кейинги президент сайловида мухолифат номзоди Истанбул мэри Экрем Имомўғли бўлишини тахмин қилишмоқда, бироқ бу лавозим учун айни пайтда рақибини катта фарқ билан енгган Мансур Яваш ҳам даъвогарлик қилиши мумкинлиги истисно қилинмаяпти.

Измир, Анталия, Адана, Бурса каби йирик шаҳарларда номзоди олдинда бораётган мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси, сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, мамлакат бўйлаб 37.74 овоз йиғишга муваффақ бўлган. Сиёсий шарҳловчиларнинг айримлари бу Жумҳурият халқ партиясининг 1989 йилдаги маҳаллий сайловлардан буён эришган энг йирик ғалабаси эканини айтмоқдалар.

Туркия жанубий-шарқида жойлашган айрим вилоятларда анъанага мувофиқ равишда курдлар манфаатларини тамсил этувчи DEM партияси пешқадамлик қиляпти.

2014 йилдан буён президент лавозимини эгаллаб келаётган Эрдўғон унгача (2003 йилдан бери) бош вазир мақомида Туркия сиёсатида бош ролни ўйнаб келган. Ўтган йили у президент сайловида бирлашган мухолифат номзоди Камол Қиличдорўғли устидан ғалаба қозониб, 2028 йилгача давлат раҳбари лавозимида қолиш имкониятини қўлга киритган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ