Amnesty International раҳбари Садир Жапаровдан “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонунга вето қўйишни сўрамоқда

Қонун лойиҳаси матнининг “90 фоиздан ортиғи” Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунидан кўчирилган.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотининг бош котиби Аньес Калламар Қирғизистон президенти Садир Жапаровни парламент қабул қилган “хорижий вакиллар тўғрисида»ги қонунга вето қўйишга чақирмоқда.

AI бош котибининг фикрича, ушбу қонун уюшмалар эркинлигига путур етказади ва бутун қирғиз фуқаролик жамияти учун оқибатлари оғир бўлган натижаларга олиб келади.

“Фуқаролик жамияти ташкилотлари фаолияти учун эркин муҳит кўплаб ҳуқуқларни таъминлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга. Масалан, аёллар ҳуқуқи, қишлоқлар фаровонлиги ва сувга эҳтиёжни қондириш, меҳнат шароитларини яхшилаш, тиббий хизматлардан фойдаланиш ва ногиронлар учун инклюзив муҳит каби масалалар одатда халқаро ҳамкорларнинг молиявий ёрдами билан фуқаролик жамияти ташкилотлари ҳал қилаётган кўплаб муаммолардга мисол бўлиши мумкин», дейди Калламар.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон президенти ўз вето ҳуқуқидан фойдаланиб ушбу қонунни рад этиши лозим.

Аввалроқ кўплаб халқаро ва маҳаллий НТТлар, Европа Иттифоқи делегацияси ҳамда Канада, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари ҳам ушбу қонун борасидаги хадикларини изҳор қилганди.

Уларнинг қўшма баёнотида мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши ЕИ ва бошқа халқаро донор ташкилотларнинг Қирғизистонда ҳамкорлик бўйича ўз фаолиятини амалга оширишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилган.

Қирғизистон парламенти 14 март куни учинчи ўқишда “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди.

“Хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси даставвал 30 дан зиёд депутат ташаббуси билан кўтариб чиқилган, лекин кейинроқ ҳужжат танқидга учрагач, депутатларнинг бир қисми лойиҳа остига ўз имзосини қўйишдан воз кечган. Қонун лойиҳаси кўпроқ унинг асосий муаллифи бўлган депутат Надира Нарматова томонидан олға сурилмоқда. Қирғизистон учун бундай қонун ўта зарурлигини айтган Нарматова мамлакатдаги ноҳукумат-нотижорат ташкилотлари ҳар йили ўз лойиҳалари учун хориждан грант маблағлари олаётганлари, бироқ бу пулларни нималарга сарфлаётгани ҳақида ҳисобот тақдим этмаётганлари ҳақида бир неча бор гапирган эди.

Ушбу қонун қабул қилиниши билан хориждан маблағ оладиган ННТларни рўйхатга олишда ва ҳисобот тақдим қилишда қатор мураккаб чекловлар пайдо бўлади.

Мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик, фаоллар ва халқаро ташкилотлар томонидан бир неча бор танқид қилинган. Улар қонун лойиҳаси фақат нотижорат ташкилотлари учунгина хатарли эмаслиги, қонун қабул қилинса, бу Қирғизистондаги кўплаб нотижорат ташкилотларининг ёпилиши ва халқаро донорларнинг кетишига сабаб бўлишини қайд этишган.

Аввалроқ Human Rights Watch, Amnesty International сингари халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, ЕХҲТ вакиллари ва коррупцияга қарши кураш билан шуғулланувчи Transparency International халқаро ташкилотлари парламент депутатларига мазкур қонун лойиҳасини қабул қилмаслик чақириғи билан чиқишган.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши юзасидан ўз хавотирини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Қирғизистон президенти Садир Жапаровга ёзган хатида билдирган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ