Қирғизистон ўз фуқароларига Россияга бормай туришни тавсия қилмоқда

Москвадаги теракт ортидан муҳожирларга қарши рейдлар ва россияликлар орасида аксил-мигрант кайфиятлар кучайган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги зарурат бўлмаса, Россияга саёҳат қилишдан тийилишга чақирди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахит Қодиров Озодлик радиосига берган интервьюсида маълум қилган.

ТИВ ходимига кўра, Москвадаги теракт ортидан Россияда хавфсизлик чоралари ва чегара назорати кучайтирилган. Ташқи ишлар вазирлиги бундай пайтда Россияга саёҳатни кечиктиришни тавсия қилмоқда.

24 март куни Бишкекдан Москвага учиб келган рейсдаги қирғизистонликларнинг кўпгинаси Россияга киритилмаган ва Шереметево аэропортиданоқ ортга қайтарилган эди.

Шунингдек, теракт ортидан муҳожирларга қарши рейдлар ва россияликлар орасида аксил-мигрант кайфиятлар кучайди.Хусусан, марказий осиёликлар тобора кўпроқ ксенофобик ҳуружлар нишонига айланмоқда.

Маҳаллий нашрларнинг хабар беришича, куч ишлатар органлар муҳожирлар кўп тўпланган жойларда текширувларни бошлаган.Амур вилоятининг Благовешенск шаҳрида номаълум шахслар муҳожирларга тегишли бўлган дўконга ўт қўйган – шаҳар мери Олег Имамеевнинг айтишича, “аниқ, этник сабаблар деб”.

Калугада бир гуруҳ руслар Тожикистоннинг уч фуқаросини калтаклаган, улардан бири касалхонага тушиб қолган.

Россиянинг турли минтақаларидан мижозлар тожик миллатига мансуб такси ҳайдовчилари хизматидан фойдаланишдан бош тортаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Тожикистоннинг Восе туманида яшовчи фуқаронинг Озоди радиосига айтишича, 23 март куни Москва полицияси унинг икки укаси ва ўғлини олиб кетган. Уларнинг тақдири ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Вазият шу даражага етган-ки, Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси меҳнат муҳожирларини уйдан чиқмай туришга чақирган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ