«Мадина» бозорининг эгаси Турсунтой Салимов ҳибсдан озод этилди

У 2023 йилнинг октябрида ўғрибоши Қамчибек Колбаевнинг жиноий йўл билан қўлга киритилган мол-мулкини легаллаштиришда ёрдам берганликда гумонланиб қўлга олинган эди.

Жўқорғу Кенешнинг собиқ депутати, Бишкекдаги «Мадина» бозорининг эгаси Турсунтой Салимов МҲДҚ изоляторидан қўйиб юборилди. Унга нисбатан яшаш жойини тарк этмаслик эҳтиёт чораси қўлланилган. Бу ҳақида Бишкек туман судининг матбуот хизмати маълум қилган.

У 2023 йилнинг октябрида ўғрибоши Қамчибек Колбаевнинг жиноий йўл билан қўлга киритилган мол-мулкини легаллаштиришда ёрдам берганликда гумонланиб қўлга олинган эди. У билан бирга шу жиноий иш доирасида яна 20 дан ортиқ гумонланувчи ҳибсга олинган.

“Салимов Қамчибек Асанбек ва унинг жиноий гуруҳи фаолиятига доимий ҳомийлик қилган. Салимов шунингдек, жиноий олам аъзоларининг моддий аҳволини ва қамоқда сақлаш шароитларини яхшилаш мақсадида ахлоқ тузатиш муассасаларига доимий равишда пул ва бошқа моддий бойликлар ажратиб турган”, деган эди МХДҚ ўз баёнотида.

Шунингдек, собиқ депутат вақти-вақти билан «рақобатчиларини ва бошқа шахсларни қўрқитиш, уларнинг мол-мулки ва бизнес лойиҳаларини ўзлаштириш мақсадида» ўғрибоши билан танишлигидан фойдаланган.

67 ёшли Турсунтай Салимов 5-чақириқ Жўқорғу Кенеши депутати эди. 1990 йиллар бошида у Бишкекдаги «Мадина» бозорига асос солган.

Қирғизистон махсус хизматлари 4 октябрь куни Бишкекда ўтказган амалиётда Қамчибек Колбаев ўлдирилган эди. Бу ўғрибоши “Братский круг” халқаро жиноят ташкилотининг Қирғизистондаги шўъбаси раҳбари деб кўрилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ