Ўзбекистонда “Салимбой” номи билан танилган криминал авторитет 6 йилга қамалди

Ўзбекистонда “Салимбой” номи билан танилган криминал авторитет – Салим Абдувалиев 6 йилга қамалди. Тошкент шаҳри судлари матбуот хизмати берган хабарга кўра, ҳукм 19 март куни жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида ўқилган.

Ҳукмга мувофиқ, Салим Абдувалиев Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли жиноий жавобгарликдан озод этилиб, жиноят ишининг шу қисми Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси (Айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар) 1-қисми 1-бандига асосан тугатилди.

Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.

74 ёшли тадбиркор 2017 йил январь ойидан буён Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва мамлакат спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди. Абдувалиев қатор орден ва давлат унвонлари билан тақдирланган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 2023 йил декбарь ойи бошида Салим Абдувалиевни қўлга олган. Шундан сўнг Тошкент шаҳри ҳуқуқ-тартибот идоралари Абдувалиевга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини танлаган.

Салим Абдувалиев баъзи манбаларда “Ўзбекистон Республикасидаги энг нуфузли тадбиркорлардан бири, АҚШ элчихонасининг Вакиликс эълон қилган ёзишмаларида у Ғафур Раҳимов билан бир қаторда Ўзбекистоннинг криминал авторитетларидан бири”, деб сифатланади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ