«Қўйлиқ» деҳқон бозори фаолияти расман тугатилди

“Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ фаолияти расман тугатилди. Бу ҳақдаги маълумот Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги корпоратив ахборот ягона порталида мавжуд.

Компания ижроия органининг акциядорларга ахборот беришича, жамиятнинг ҳудудида тадбиркорлар фаолияти 2024 йил 5 январдан тўхтатилган.

«Ўтган икки ой давомида бозор фаолиятини қай тартибда давом эттириш, таъмирлаш, реконструкция қилиш бўйича бирор бир расмий ёки норасмий маълумотлар бугунги кунда мавжуд эмаслиги, айни пайтда ер солиғи, мулк солиғи ҳисобланиши давом этаётганлиги, модомики ҳолат давом этса, компаниянинг молиявий аҳволи қийинлашиб қолиши кутилиши сабабли жамиятни юридик шахс сифатида ихтиёрий тугатиш мақсадга мувофиқ деб топилган», дейилади акциядорлар қарорида.

Акциядорлик жамияти расмий сайтига кўра, бозорда Тошкент шаҳар ҳокимлиги улуши 93.2%ни, эркин савдо ва меҳнат жамоаси улуши эса 6.8%ни ташкил қилади.

“Қўйлиқ” бозори бузилиши ёки кўчиши ҳақида ҳақида расмий ва норасмий хабарлар 2021 йилнинг декабр ойидан бери айланади.

Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Қўйлиқ» деҳқон бозори йўл кенгайтирилиши сабаб бошқа жойга кўчирилишини маълум қилганди. Бозорда савдо қилувчи тадбиркорлар бу қарорга норозилик билдирган эди.

Бироқ акциядорларнинг бозорни тугатиш тўғрисидаги якуний қарори ҳақида яқинда маълум бўлди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ