Қирғизистондаги ЕИ делегацияси ва беш элчихона “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун борасидаги хадикларини билдирди

Қонун лойиҳаси матнининг “90 фоиздан ортиғи” Россиянинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунидан кўчирилган.

Европа Иттифоқи делегацияси ҳамда Канада, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари Қирғизистонда қабул қилинган “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун борасидаги хадикларини изҳор қилди.

Уларнинг қўшма баёнотида мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши ЕИ ва бошқа халқаро донор ташкилотларнинг Қирғизистонда ҳамкорлик бўйича ўз фаолиятини амалга оширишига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтилмоқда.

Қирғизистон парламенти 14 март куни учинчи ўқишда “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди.

“Хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси даставвал 30 дан зиёд депутат ташаббуси билан кўтариб чиқилган, лекин кейинроқ ҳужжат танқидга учрагач, депутатларнинг бир қисми лойиҳа остига ўз имзосини қўйишдан воз кечган. Қонун лойиҳаси кўпроқ унинг асосий муаллифи бўлган депутат Надира Нарматова томонидан олға сурилмоқда. Қирғизистон учун бундай қонун ўта зарурлигини айтган Нарматова мамлакатдаги ноҳукумат-нотижорат ташкилотлари ҳар йили ўз лойиҳалари учун хориждан грант маблағлари олаётганлари, бироқ бу пулларни нималарга сарфлаётгани ҳақида ҳисобот тақдим этмаётганлари ҳақида бир неча бор гапирган эди.

Ушбу қонун қабул қилиниши билан хориждан маблағ оладиган ННТларни рўйхатга олишда ва ҳисобот тақдим қилишда қатор мураккаб чекловлар пайдо бўлади.

Мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик, фаоллар ва халқаро ташкилотлар томонидан бир неча бор танқид қилинган. Улар қонун лойиҳаси фақат нотижорат ташкилотлари учунгина хатарли эмаслиги, қонун қабул қилинса, бу Қирғизистондаги кўплаб нотижорат ташкилотларининг ёпилиши ва халқаро донорларнинг кетишига сабаб бўлишини қайд этишган.

Аввалроқ Human Rights Watch, Amnesty International сингари халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, ЕХҲТ вакиллари ва коррупцияга қарши кураш билан шуғулланувчи Transparency International халқаро ташкилотлари парламент депутатларига мазкур қонун лойиҳасини қабул қилмаслик чақириғи билан чиқишган.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши юзасидан ўз хавотирини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Қирғизистон президенти Садир Жапаровга ёзган хатида билдирган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ