Садир Жапаров ўғрибоши Колбаев ва «Райим Миллион» билан музокаралари ҳақида гапирди

Ҳозирда давлат аппарати ва парламентда Матраимов ва Колбаевга алоқадор бўлган кадрлар ишдан ҳайдалмоқда.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Бишкекда отиб ўлдирилган ўғрибоши Қамчибек Колбаев ва собиқ божхоначи Райимбек Матраимов билан учрашганлари ҳақида гапирди.

«Кабар» ахборот агентлиги муҳбири билан суҳбатда Жапаров қидирувдаги «Райим Миллион» лақаби билан машҳур Райимбек Матраимов билан икки марта учрашганини ва биринчи учрашувда ўғрибоши Қамчибек ҳам иштирок этганини маълум қилди.

“Албатта, у ерда [Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари] Қамчибек Қидиршаевич ҳам бўлган. Мен Колбаевни қаттиқ огоҳлантирдим: “Эски кунларни унут. Одамларни ва тадбиркорларни талон-тарож қилма. Жиноят оламида отишмалар бўлмасин. Сиёсатчилар ва инвесторларнинг бошидан бир тола соч ҳам тушмаслиги керак. Бундан буён Қирғизистон қонунларига амал қилиб тинч яшанглар”. Афсуски, талон-тарож тўхтамади. Ҳатто бозорлардаги кичик тадбиркорлардан ҳам улуш олинган”, дейди Жапаров.

Унинг айтишича, Матраимовдан ҳам ҳудди шундай «қинғир ишларга аралашмай, қонун доирасида яшаш» талаб қилинган.

“Афсуски, у жиноятчилар билан алоқани узмади. Махсус хизматларимиз тегишли фактларни аниқлади. Унинг бошқалар номига расмийлаштирилган барча мулклари аниқланди ва давлат фойдасига ўтказилди”, дейди Жапаров.

Қирғизистон махсус хизматлари 4 октябрь куни Бишкекда ўтказган амалиётда Қамчибек Колбаев ўлдирилган эди. У “Братский круг” халқаро жиноят ташкилотининг Қирғизистондаги шўъбаси раҳбари деб кўрилган.

«Райим Миллионер» лақаби билан танилган Райимбек Матраимов Озодлик, Клооп ва Уюшган жиноятчилик ва коррупция тадқиқоти марказининг (OCCRP) қўшма ҳисоботида Хитойдан «кулранг импортни» назорат қилувчи асосий шахслардан бўлгани айтилган. У Қирғизистон божхоналарида коррупцион схемалари ташкил этишда айбланиб 2020 йил октябрь ойида қўлга олинган. Райим Матраимов буджетга бир қисми нақд, бир қисми мулк шаклида 2 миллиард сом зарарни қоплаб берган. Судда у ўз айбига иқрор бўлган ва 260 минг сом жаримага тортилган.

Раиймбек Матраимов кузда Туркияга, у ердан эса Дубайга чиқиб кетганлиги ҳақида хабар тарқаган эди. Kaktus.media маълум қилишича, у давлат бюджетига бир неча юз миллион сом қайтаришга ваъда берган, бироқ ваъдада турмасдан ғойиб бўлган.

МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев Қора-Судаги йиғилишда Райимбек Матраимовдан 80 млн долларлик мол-мулк мусодара қилинганини айтган эди. Ҳозирда давлат аппарати ва парламентда Райимбек Матраимовга алоқадор бўлган кадрлар ишдан ҳайдалмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ