Салим Абдувалиев қирғизистонлик депутатга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича сўроқ қилинган

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутати Эмиль Жамғирчиевга нисбатан қўзғатилган жиноий иш доирасида «Салимбой» лақаби билан танилган тадбиркор Салим Абдувалиевни биргаликда сўроқ қилди. Бу ҳақда қирғиз ахборот агентликлари хабар берди.

24.kg хабарига кўра, 2020 йилда Қирғизистон молия полициясининг собиқ ходими, ҳозирда парламент депутати Эмиль Жамғирчиев ва ҳукумат аппарати собиқ раҳбари Бактибек Қалмуратов контрабанда тўғрисидаги жиноий иш бўйича масалаларни ижобий ҳал этиш учун тадбиркордан пора олганликда айбланган. Жабрланувчи Эмир Эмилканов айбланувчига қўйган даъволаридан воз кечган. Первомайский туман ва Бишкек шаҳар судлари ҳар икки айбланувчини жиноий далил бўлмагани учун оқлаган.

2022 йил 6 декабрда Бош прокуратура Олий судга Эмиль Жамғирчиевга нисбатан оқлов ҳукмини бекор қилиш тўғрисида илтимоснома киритган. 26 декабрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси депутат қидирувда экани, бироқ тез орада ўзи келгани, маълум бўлишича, у отасига қараш учун ҳақ тўланмайдиган таътилга чиққанни хабар қилган. Натижада, 2023 йил январь ойида Олий суд янги очилган ҳолатлар туфайли ишни қўшимча терговга юборган.

Қирғизистон парламентининг яна бир депутати Алишер Эрбаевга маълумотларига кўра, Жамғирчиевга нисбатан 2022 йил декабрида қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик айби билан жиноий иш очилган. Кейин, унинг сўзларига кўра, Салим Абдувалиев билан учрашиш учун Жомғирчиев Тошкентга келган.

«Учрашувдан сўнг, Жамғирчиев ўзининг чегарани ноқонуний кесиб ўтганини яшириш мақсадида 2022 йил 16 декабрь куни яширинча чегарани кесиб ўтиб, Бишкек шаҳрига қайтган. Ўзбекистон ушбу факт бўйича жиноий иш қўзғатди ва Жамгирчиев қидирувга берилди. Эмиль Жамғирчиев вақтинчалик турган меҳмонхона хонасида тинтув ўтказилиб, сохта гувоҳнома топилди. Бундан ташқари, Қирғизистоннинг тегишли давлат идоралари депутатнинг Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини ҳеч қачон қонуний йўл билан кесиб ўтмаганини маълум қилди», — деди Эрбаев.

«Тергов чегарани ноқонуний кесиб ўтиш далилларини тақдим этди. Биз бунга ишондик, чунки Ўзбекистон томони ҳам Жамғирчиевга нисбатан жиноий иш қўзғатган», — деди у.

АКИpress хабарига кўра, Эмиль Жамғирчиев 9 январь куни парламентда матбуот анжумани режалаштирган, бироқ анжуман ўтказилмаган. Кейинроқ парламентга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келган, шу вақт депутат ғойиб бўлган. Хабар қилинишича, ҳибсга олишга уриниш чоғида Жомгирчиев парламент биносининг иккинчи қават ойнасидан сакраб қочиб кетган.

10 январь куни Жогорку Кенеш йиғилишида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Эмиль Жамғирчиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилганидан сўнг терговчилар ва тезкор ходимлар Ўзбекистонга бориб, ўзбекистонлик ҳамкасблар билан биргаликда аввалроқ бошқа жиноий иш бўйича ҳибсга олинган тадбиркор Салим Абдувалиевни сўроқ қилишганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Абдувалиев Жамғирчиев ундан ёрдам ва «Қирғизистонда тартиб ўрнатишни» сўрагани тўғрисида кўрсатма берган. Аммо Абдувалиев Қирғизистон ишига аралаша олмаслигини айтган.

«Бундан ташқари, у Жамғирчиев Салимбойнинг ёрдамчисини «чув тушургани»ни айтди. Ёрдамчи ҳам гувоҳлик берди. Жамғирчиев бир неча кун меҳмонхонасида яшаб, пул тўламай ғойиб бўлган. Шу боис Ўзбекистонда унга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилган: биринчиси фирибгарлик, иккинчиси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлик учун», — деди Ташиев.

Муҳокама чоғида депутат Суюнбек Омурзоқов Салим Абдувалиев кимлигини сўради.

«Сиз жавобини ҳамма биладиган савол беряпсиз», — деб жавоб берди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

Қўлга олинган тадбиркор Салим Абдувалиевга нисбатан ноқонуний қурол-яроғ савдоси бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси танланган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ