МХДҚ қирғиз фаоли Тилекмат Куреновни “тўнтаришга уриниш”да айблаб қидирувга берди

Аввалроқ йирик тадбиркор, «КЖ групп» қурилиш ширкатининг раҳбари Имомидин Тошовга ҳам худди шундай айбловлар қўйилган эди.

Сиёсий блогер, ҳозирда АҚШда яшовчи Тилекмат Куренов “давлат тўнтаришга уриниш”да айбланиб, қидирувга берилган. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Аввалроқ йирик тадбиркор, «КЖ групп» қурилиш ширкатининг раҳбари Имомидин Тошовга ҳам худди шундай айбловлар қўйилган эди.

Терговчиларга кўра, Куренов ва Ташов жиноий гуруҳ тузиб «хориждаги деструктив кучлар ёрдамида» турли оммавий намойишлар ўтказиш орқали давлат тўнтаришини содир этмоқчи бўлган. «Бу мақсадда Тошов Тилекмет Куренов ва бошқа шахсларни доимий равишда молиялаштириб келган», дейилади МХДҚ баёнотида.

Бундан ташқари, Тошовга нисбатан товламачилик бўйича ҳам айбловлар қўйилган.

Аввалроқ Имамидин Тошов блогер Тилекмат Куренов орқали тарқатган баёнотида ўзини МХДҚ ходими сифатида таништирган номаълум шахслар уни саккиз кун ушлаб турганидан шикоят қилган. Тадбиркорнинг айтишича, МХДҚ ходимлари унинг яқинларига зарар келтириш ҳамда ширкатини тортиб олиш билан таҳдид қилиб, у аввалроқ бюджетга тўлаган 52 миллион сом жаримадан ташқари “чап чўнтакка” 100 миллион сом тўлашни ҳам талаб қилган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари, ўз навбатида, Ташов тергов изоляторида бўлганида Куренов билан телефон орқали давлат тўнтаришини режалаштирганлигини иддао қилди. Бу суҳбатлар, Ташиевнинг сўзларига кўра, суд қарори билан, ёзиб олинган.

Куреновнинг ўзи ҳозирда АҚШда яшайди ва Қирғизистон ҳукуматига қарши танқидий баёнотлари билан танилган. Фаол Қирғизистонни 2022 йил октябрь ойида тарк этган.

“Улар бир неча кун гаплашишди. Шунга қарамай, 52 миллион сом тўлаганидан сўнг, Тошовни қўйиб юбордик ва уни кузатиб турдик. Бу видео кейинроқ ошкор этилади. Ходимларимиз Куреновнинг “100 миллион бўлсин, одамлар ишонади”, деган гапини ёзиб олишди”, деди Ташиев парламентда.

Имомидин Тошов 2023 йил октябрь ойида болалар боғчасини қуриш учун ажратилган ерга турар-жой биноси қурганлиги учун қўлга олинган эди. Тошов давлатга етказилган зарарни умумий қиймати 52,4 миллион сом бўлган ўнта хонадон кўринишида қоплаган. Шундан сўнг суд уни уй қамоғига қўйиб юборди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ