Ташиев: Жамғирчиев “Салимбой” билан учрашиб, ундан қўллов сўраган

Қирғизистон парламенти 10 январда кўпчилик овоз билан депутат Эмил Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берди. Мазкур қарорни 69 депутат қўллади.

Бу масала бўйича тузилган депутатлар комиссияси раиси Алишер Эрбаев Эмил Жамғирчиев 2022 йилда «Салимбой» номи билан танилган Салим Абдувалиев билан учрашиш ва ундан қўллов олиш мақсадида Қирғизистон чегарасини ноқонуний бузиб Ўзбекистонга ўтганини билдирди.

Бу маълумотни Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ҳам тасдиқлади. Ташиевга кўра, чегарадан ноқонуний ўтишда айбланаётган шахс Қирғизистон қонунчилиги асосида ҳибсга олинмайди ва судга қадар очиқда қолади.

Ўтган йилнинг 27 декабрида Бош прокурор Қурманқул Зулушев депутат Эмил Жамғирчиевни «Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш» моддаси асосида жиноий жавобгарликка тортиш учун парламентдан рухсат сўраган эди.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг парламентдаги ишончли манбалари Эмил Жамғирчиев 9 январда депутат Нилуфар Олимжонованинг кабинетига кириб, ўзини иккинчи қават деразасидан пастга ташлаган ва қочиб кетганини айтмоқда. Ўша куни депутатлар комиссияси Жамғирчиевни жавобгарликка тортишга рухсат бериш масаласини кўриб чиқаётган эди.

Жамғирчиев 10 январдаги йиғилишга ҳам келмади. Унинг қаерда экани номаълум. Озодлик радиоси қирғиз хизматининг у билан боғланиш ҳаракатлари натижасиз якунланди.

Ўзбекистонда жиноий авторитет сифатида билинган Салим Абдувалиев 5 декабрь куни ҳибисга олингани тўғрисида Тошкент шаҳар ИИББ маълум қилган эди.

“Салимбой” номи билан билинган ва бунга қадар маҳаллий матбуотда тадбиркор ва меценат деб таърифлаб келинган 73 яшар Салим Абдувалиев ЖКнинг 248-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда гумон қилинмоқда.

“1950 й.т. Абдувалиев Салим Киргизбаевич (248-модда 1-қисми, ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш) гумон қилинувчи тарзида жалб этилиб, процессуал тартибда ушланган”, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.

Абдувалиев 2017 йил январидан Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаб келаётганди.

Ўзбекистонда 2 декабрдан бошлаб “жиноий гуруҳларни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича кенг кўламли рейдлар ўтаётгани” расман маълум қилинган эди. Сўнгги хабарларга қараганда, шу кунгача мазкур тадбир доирасида юздан ортиқ киши процессуал тартибда ушланган, улардан 52 нафари ҳибсга олинган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ