Японияда рўй берган зилзилада камида 57 киши нобуд бўлди

2024 йилнинг илк кунида Японияда рўй берган кучли зилзила оқибатида камида 57 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди Kyodo нашри.

7,6 магнитудали зилзила мамлакатнинг марказий ва ғарбий соҳил бўйи вилоятларидаги биноларни вайрон қилган. Зилзила таъсири пойтахт Токиода ҳам сезилган. Табиий офат ҳудудида ўн минглаб хонадон электр таъминотисиз қолган. Ер силкиниши ёнғинларни ҳам келтириб чиқарган. Айрим шаҳарларда темир йўл қатнови тўхтаган, зилзила эпицентри – Ното яриморолида аэропорт ҳам ёпилган.

Умуман, душанба тонгидан буён Япония бўйлаб турли кучланишдаги 155 та зилзила қайд этилган.

Қирғоқ бўйлаб кучли ер силкинишлари цунамига сабаб бўлган.

Табиий офат кузатилган ҳудудларда жабрланганларни қутқариш амалиёти давом этмоқда. Мамлакат бош вазири Фумио Кисида зилзила қурбонларини қутқариш жараёнини “вақт билан пойга”, деб атаган.

Метеорологлар ҳафта давомида яна кучли зилзилалар юз бериши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Сейсмик фаол минтақада жойлашган Японияда 2011 йилда ҳам кучли зилзила рўй бериб, тўфон ёпирилган эди. Ўшанда 20 минг киши ҳалок бўлган. Табиий офат оқибатида Фукусима АЭСида авария кузатилган.

Япония ядро объектлари бошқармаси бу гал зилзила ва цунами атом электр станцияларига зарар етказмаганини маълум қилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ