Путин Россия армиясида хизмат қиладиган чет элликлар ва уларнинг қариндошларига фуқаролик бермоқчи

Россия Қуролли кучлари билан шартнома имзолаган чет элликларга Россия фуқароллигини бермоқчи. Бунга собиқ совет давлатларининг муносабати қандай бўлади?

Путин имзолаган фармонга кўра, фуқаролик Россия махсус ҳарбий амалиёт, деб атаётган Украинадаги уруш даврида армия билан шартнома тузган хорижликларга берилади.

ТАСС хабар агентлигининг ёзишича, фармон ортидан нафақат армияда хизмат қилганларнинг ўзлари, балки уларнинг қариндошлари ҳам Россия фуқаролигини олиш учун ариза топшириш ҳуқуқига эга бўлишади.

Россия 2022 йил феврал ойида Украинага бостириб киргач, урушда катта йўқотишларга учрагани ва уларнинг ўрнини тўлдириш учун аскарларга эҳтиёж сезаётгани айтилади.

Россия ҳукумати Украинадаги уруш учун қисман сафарбарлик эълон қилиш билан чекланиб қолмади.

Украинадаги жабҳа чизиғига ва уруш ортидаги ишларга юборишда Россияда ишлаб юрган кўплаб меҳнат муҳожирлари ҳам фаол жалб қилина бошлангани ҳақида хабарлар чиқди.

2022 йилнинг сентябр ойида Москва мэри «Сахарова»кўптармоқли миграция марказида ҳарбий рўйхатга олиш учун «военкомат» ё ҳарбий комиссарлик ташкил этди.

Чет элликлар Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартиб бўйича олишни хоҳлашса, шартнома бўйича хизматга ёзилишлари мумкинлиги эълон қилинди.

Осон ва хавфли йўл

Путиннинг янги фармони эса урушда қатнашиш учун ёлланадиган чет элликларга фуқаролик олишни янада осонлаштиради.

Россияда миллионлаб Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилади. Улар орасида Россия фуқаролигини олганлар ҳам оз эмаслиги айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати шу вақтгача мигрантларни урушга ёллаш ҳаракатлари боис Кремлга қарши расман эътироз билдирмаган.

Аммо Ўзбекистон ўз фуқароларини бир неча бор огоҳлантириб чиққан.

Хусусан, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Ташқи меҳнат миграция агентлиги бу борада ўзбекистонликларга бир неча бор огоҳлантирув мурожаатларини эълон қилишган.

Бу фақат Ўзбекистон эмас, Россияда ишлаётган катта сондаги Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.

Дейлик, Тожикистон Россия билан қўшфуқароликка эга ва кўплаб тожикистонлик мигрантлар Россия фуқаролигини ҳам олишган.

Олдинроқ эса фуқаролигидан қатъий назар ҳам Россия, ҳам Украина тарафида урушган ўзбек, тожик ё қирғиз ёшлари ҳақида бир неча бор айтилган.

Қатор минтақа давлатлари чет элдаги ҳарбий ва жанговор ҳаракатларда иштирок этган ўз фуқароларини жиноий жавобгарликка тортишади.

Бу борада муайян ҳолатлар ҳам учрайди.

Бироқ баъзан Россиядаги жазони ижро этувчи жойлар ёки қамоқхоналардан чет эллик маҳкумларни турли ваъдалар билан урушга ёллаш ҳаракатлари кузатилган.

Айрим ҳолатларда эса Россиядаги ноқонуний ёки ҳужжатида бирон камчилик мавжуд мигрантларни ҳам Украина урушга ташлашга урунишлари бўлгани ҳақида хабарлар чиққанди.

Айни пайтда, Украина уруши бошланганидан бери Россия фуқаролиги кўпчилик учун ўз жозибардорлигини йўқотгани ҳам билдирилади. Россияликларнинг кўп Ғарб давлатларига сафар қилиши ва ё виза олишлари қийинлашган.

Бироқ камбағаллашган Марказий Осиё давлатларидаги миллионлаб инсонлар учун Россия фуқаролиги ҳамон Россияда ишлаш ва яшаш учун ҳақ-ҳуқуққа эга бўлиш учун муҳим бўлиши мумкин.

Ўз юртларига қайтишгани билан иш топишлари қийин, ривожланган Ғарб давлатларига бориб ишлаш осон эмас ва Россияда хорижий мигрантлар доимий текширувлар ҳамда камситишларга юз тутиб келишади.

ББС Ўзбек

 

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ